Қирғизистонда президентлик сайловлари бошланди  

Жаҳон 07:40 / 15.10.2017 12620

15 октябрь эрталабдан Қирғизистонда мамлакат президенти сайловларида овоз бериш учун сайлов участкалари очилди.  

Қирғизистон марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда 2375 та сайлов участкаси очилган. Улар маҳаллий вақт билан соат 08.00дан кечки соат 20.00гача ишлайди. Хорижда бўлган қирғизистонликлар эса мамлакатнинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналарида жойлашган 37 та сайлов участкасида овоз бера оладилар. 

Маълум қилинишича, мамлакатда ҳаммаси билан 3 млн 876 минг 985 киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Фуқаролар исталган сайлов участкасида овоз беришлари мумкин, бунинг учун улар мутасадди идораларни аввалдан бу ҳақда хабардор қилиб қўйишлари керак бўлади.

Президент лавозими учун 11 номзод кураш олиб бормоқда. Дастлаб номзодлар сони 59 та бўлган, бироқ кейинчалик уларнинг кўпчилиги сайловолди пойгасидан чиқиб кетган. Амалдаги президент Алмазбек Атамбоевнинг президентлик муддати 1 декабрда поёнига етади. Конституцияга кўра у янги муддатга сайлана олмайди. 

Сўровномаларга кўра, сайловларда ғалаба қилишга мамлакатнинг собиқ бош вазири Сооронбай Жээнбеков ва мухолифат етакчиларидан бири Омурбек Бабанов асосий даъвогарлар ҳисобланадилар.

Мамлакат тарихида биринчи марта сайловлар электрон ахборот-сайлов тизими ёрдамида ўтказилмоқда. Тизим маълумотларни автоматик ўқиб олувчи саватлар, махсус ҳимояланган маълумотларни узатиш каналлари, дастурий таъминот, марказий сервер ва сайтни ўз ичига олган.

Бу тизимлар орқали маълумотлар сайлов тугагандан кейин ҳимояланган каналлар орқали марказий сайлов комиссияси серверига узатилади. 

Сайловчилар рўйхатлари аҳолининг биометрик маълумотлари асосида тузилган. Сайловчилар идентификацияси бармоқ излари бўйича ўтказилади. 

Сайловларни кузатиб бориш учун 59 та давлатдан 773 нафар халқаро кузатувчи, жумладан Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон каби МДҲ давлатларидан 200 га яқин кузатувчи жалб қилинган. Шунингдек, Қирғизистоннинг 10 та жамоатчилик ташкилоти кузатув олиб бориш истагини билдирган.    

Сайлов бюллетени агар унда биттадан кўпроқ номзод белгиланган ёки умуман ҳеч қандай белги қўйилмаган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилади. Бундай бюллетенлар сайлов саватчаси ёрдамида сараланиб, махсус бўлинмага йиғилади. 

Конституцияга кўра, ҳар бир сайлов участкаси тахминан 2,5 минг сайловчига мўлжалланган. 

Кўпроқ янгиликлар