Kun.уз таҳририятига фуқаролардан турли мавзулар ва масалаларда мурожаатлар келиши давом этмоқда. Пойтахтдан келган, исми ошкор этилмаган мурожаатларнинг бири эътибормизни тортди. Унда «ягона дарча»лар ишидаги мавжуд оворагарчиликлар тилга олинган ва муаммони бартараф этиш юзасидан таклиф ҳам билдирилган:
«Ҳозир барча туманларда «Ягона дарча» хизмати мавжуд бўлиб, уларнинг фаолиятидан мақсад — аҳолига қулайликлар яратиш, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишдир. Аслида эса, «ягона дарча»нинг айрим хизматлари умуман бошқа — аҳолига фақат ноқулайликлар яратиш, сарсонгарчиликларни келтириб чиқаришдан иборат бўлиб қолмоқда.
Масалан, пойтахтда нотурар жой сотиб олган юридик ёки жисмоний шахслар сотиб олган кўчмас мулкини ўз номига расмийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматига (манзили: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси) мурожаат қилади.
Кадастр ходимлари барча ҳужжатларини олиб, 8 иш куни давомида номингизга кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беради. Кейин энг қизиғи бошланади: кадастр ҳужжатлари тайёр бўлганидан сўнг, уларни олиб кетмоқчи бўлсангиз, шу ернинг ўзида тайёр қўлида бўлган ҳужжатларни рўйхатга олишмайди ва кўчмас мулкка доир тайёр бўлган гувоҳномаларни беришмайди.
Мижоз бу ҳужжатларни олиб, сарсон бўлган ҳолда ҳар бир туманнинг ўзида жойлашган «ягона дарча»га қўлидаги кадастр ҳужжатларни рўйхатга қўйиш учун қайтадан мурожаат этади. «Ягона дарча» ариза қабул қилган ҳолда 3 иш кунида Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматига электрон тартибда мурожаат этади.
Электрон тартибда жўнатилган ушбу ариза 3 иш кунида (!) етиб келганидан сўнг, мижоз яна «ягона дарча»дан тасдиқлатиб келинган аризани олиб, бошқатдан Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматига боради. Ахир ташқарида XXI аср ҳукм суриб турган замонда бу ўта кулгили ҳолат эмасми?!
Сотиб олинган кўчмас мулкнинг ҳужжатлари тайёр бўлиши билан ўша заҳоти Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматидан рўйхатдан ўтказса ҳам бўлади-ку?! Чунки тайёр гувоҳномани барибир ҳамма айланиб келиб, яна шу ердан олади. Шунча оворагарчилик, масалан, Сирғали туманидан кўчмас мулк сотиб олган инсон неча марта овора бўлиб шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига боради?
Ушбу хизмат турини кадастр ходимлари ўзлари қилса ҳам бўлади-ку?! Ягона дарчага ортиқча ходим, компьютер, интернет нима кераги бор?! Ёки булмаса, «ягона дарча» кадастр идорасининг ичида очилиши мақсадга мувофиқ эмасми? Майли, маълум бир тўлов эвазига. Аҳолини шунча оворагарчиликка қўймасдан».
Бу мактубга холис ёндашган ҳолда айтиб ўтишимиз мумкин-ки, мавжуд муаммолар босқичма-босқич ҳал этилаётган айни кунларда фуқароларни қийнаётган бу ҳолатлар ҳам ўз ечимини, албатта, топади.