Жаҳон | 17:10 / 14.06.2025
2932
2 дақиқада ўқилади

БМТ дунёда туғилишнинг камайиши сабабларини аниқлади

Асосий сабаблар «иқтисодий хавфсизлик ва шахсий имкониятларни» таъминламайдиган «адекват бўлмаган сиёсий қарорларга» боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Кристина Кормилицына

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот (.pdf) шуни кўрсатдики, демографик инқироз одамларнинг эркин танлашига эмас, балки «иқтисодий хавфсизлик ва шахсий имкониятларни» таъминламайдиган «адекват бўлмаган сиёсий қарорларга» боғлиқ. Тадқиқот доирасида UNFPA мутахассислари дунё аҳолисининг учдан бир қисми истиқомат қилувчи 5 қитъадаги 14 мамлакатда 14 мингдан ортиқ одамни ўрганди.

Ушбу мамлакатларнинг тўрттасида - Нигерия, Марокаш, Жанубий Африка ва Индонезияда - ҳар бир аёлга ўртача туғилиш сони аҳолининг ўрнини босиш даражасидан ошади (2,1). Тадқиқот шуни кўрсатдики, сўровда иштирок этганларнинг аксарияти икки ёки ундан ортиқ фарзанд кўришни хоҳлайди. 50 ёшдан ошганларнинг 31 фоизи ўзи хоҳлаганидан камроқ фарзанди борлигини айтди.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этганларнинг 54 фоизи фарзандли бўлиш ва кўп болали оила ташкил қилиш йўлидаги асосий тўсиқлар қаторида арзон уй-жойнинг йўқлиги, ишсизлик, бола парвариши муассасалари камлиги, пул етишмаслиги каби «иқтисодий муаммоларни» санаган.

Сўровда иштирок этганларнинг 24 фоизи соғлиқ билан боғлиқ муаммолари ва уларни ҳал этишнинг иложи йўқлигини таъкидлаган. Яна 19 фоизи фарзанд кўришни истамаслигини урушлар, иқлим ўзгариши, пандемия ва ҳоказолар сабаб бўлган «келажакдан қўрқиш» билан изоҳлайди.

Ҳисобот муаллифлари муаммони ҳал қилиш учун «одамлар нимани хоҳлашини ва нимага муҳтожлигини сўраш муҳимлигини» таъкидлайди. Тадқиқотда аниқлик киритилишича, «сиёсий чора-тадбирлар ушбу муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиши керак, одамларни контрацептив воситалардан фойдаланишдан қайтариш ёки уларни кўпроқ фарзанд кўришга ундаш эмас».

Мавзуга оид