Жаҳон | 12:36 / 24.04.2025
8405
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг собиқ президенти порахўрликда айбланмоқда

У собиқ куёвига авиакомпанияга ишга жойлашишга ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.

Фото: AFP

Жанубий Корея прокуратураси собиқ президент Мун Жэ Инни порахўрликда айбламоқда, деб хабар берди Reuters.

Жеонгжу округи прокуратураси баёнотига кўра, у коррупция айблови бўйича суд жараёнига жалб этилган.

Thai Eastar Jet компаниясига асос солган собиқ депутат Ли Санг-Жик ҳам порахўрлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланган.

Прокурорларга кўра, собиқ президентнинг куёви мазкур авиакомпанияда юқори лавозимли ишга жойлаштирилган. 2018–2020 йилларда у маош ва бошқа тўловлар кўринишида 217 миллион вон (151 минг доллардан ортиқ) маблағ олган. Прокурорлар бу маблағлар собиқ президентга пора сифатида берилган дея ҳисобламоқда.

«Прокурорлар Лининг Кичик ва ўрта бизнес ва стартаплар агентлиги раҳбари этиб тайинланиши Муннинг собиқ куёви 2018−2020 йилларда Ли назорат қилган Таиланд корпорациясида иш топиб, маош ва яшаш харажатларини олиши эвазига бўлганми ёки йўқлигини текшириб кўрган», дейилади баёнотда.

Прокурорлар Муннинг айблов хулосаси учун прецедент сифатида собиқ президентлар Пак Кин Ҳе ва Ли Мён Бакка оид аввалги порахўрлик ишларини мисол қилиб келтирди. Уларнинг иккаласи ҳам судланиб, қамоққа олинганди.

Қонун чиқарувчи ва Муннинг яқин ёрдамчиси Юн Кун Ён айблов Мунни тегишлича тергов қилмасдан, «кулгили ва асоссиз» тарзда чиқарилганини таъкидлади.

Лининг кампанияси Мунга қарши айбловни прокуратура томонидан сиёсий қасос ва олдинги маъмуриятга қарши репрессия деб атади.

Мун Жэ Ин ҳуқуқшунос ва фуқаролик ҳуқуқлари фаоли бўлиб, 2017–2022 йилларда президентлик қилган. У президентликдан кетганидан кейин, тинч ҳаёт кечиришни бошлаган, турмуш ўртоғи билан она қишлоғида деҳқончилик ва паррандачилик билан шуғулланиб келарди.

Жуфтлик ўз юртида китоб дўкони ҳам очганди.

Маълумот учун, сўнгги йигирма йил ичида Жанубий Кореянинг бир қатор раҳбарлари ўз ваколатларини тугатгандан сўнг ёки лавозимини тарк этгандан сўнг кўпинча баҳсли вазиятларга дуч келмоқда.

Хусусан, Мундан кейин президентликка сайланган Юн Сок Ёл 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат жорий этишга урингани учун импичментга учради ва лавозимидан четлатилди. У ҳозирда исёнчиликда айбланиб суд қилинмоқда.

Жанубий Кореяда 3 июн куни навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилади, сўровномаларда Демократик партия номзоди Ли Жэ Мён етакчилик қилмоқда.

Мавзуга оид