Жаҳон | 20:48 / 22.04.2025
2120
2 дақиқада ўқилади

Япония нархлар ошиши фонида Жанубий Кореядан гуруч импорт қилишни бошлади

Ҳозирда Японияда 4 килоли қадоқдаги гуруч қарийб 29 доллардан сотилмоқда.

Фото: Reuters

Японияда 26 йилдан бери фаолият юритиб келаётган компания биринчи марта Жанубий Кореядан гуруч импорт қилишни бошлаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, компания илк бор март ойида 2 тонна гуруч олиб келган ва яна 20 тонна импорт қилишни режалаштирмоқда.

Компания сайтида келтирилишича, 4 килограммли қадоқдаги гуруч нархи истеъмол солиғи ва етказиб беришлар билан бирга қарийб 29 долларни ташкил этмоқда. Компаниянинг маълум қилишича, мартда олиб келинган гуручнинг барчаси сотиб бўлинган ва у Япониядаги талабдан келиб чиқиб, кейинги ҳаракатларини амалга оширади.

Yonhap агентлигига кўра, жорий йилда Японияга Жанубий Кореядан гуруч экспорт қилиш 1990 йилдан бери рекорд даражага чиқади.

Феврал ойида Японияда 5 килоли қадоқдаги гуруч нархи 3688 иенага (24 доллар) етганди — бу 2024 йил февралдаги кўрсаткичдан 1,5 баробарга қиммат. Март ойида эса мамлакат ҳукумати стратегик захиралар ҳисобидан 210 минг тонна гуручни сотишни режалаштираётгани маълум бўлган эди.

Ўтган йилнинг июлида Японияда гуруч захираси туристлар оқими ва ҳосилдорликнинг камайиши сабаб сўнгги ўн йилликдаги энг паст даражага тушиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, мамлакатда гуручга бўлган талаб кутилмаганда 7 миллион тоннагача ошган ва маҳаллий ҳукумат буни туристларнинг келиши билан боғламоқда.

Мавзуга оид