Жаҳон | 12:03 / 22.04.2025
2913
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй мудофаа вазири Пит Ҳегсет ўрнига бошқа номзодни қидиришни бошлади – ОАВ

Ҳегсет сўнгги вақтларда бир қанча можароларга ўралашиб қолди.

Фото: Chip Somodevilla/Getty Images

Оқ уй янги мудофаа вазирини қидиришни бошлади, бу ҳақда АҚШ расмийсига таяниб NPR хабар берди.

Бу амалдаги мудофаа вазири Пит Ҳегсет билан боғлиқ можаролар фонида содир бўлди.

Аввалроқ, Ҳегсет шахсий телефонидаги Signal мессенжери чатида Яманда бўлажак зарбалар тафсилотларини рафиқаси ва акаси билан ўртоқлашгани маълум бўлган эди. Қайд қилинишича, Ҳегсет бу маълумотларни юқори мартабали ҳарбий амалдордан олган ва бир неча дақиқа ўтгач, шахсий чатда ошкор қилган.

Март ойида Ҳегсет Оқ уйнинг юқори мартабали амалдорлари билан Signal чатида Ямандаги ҳусийларга қарши кампания тафсилотларини баҳам кўргани маълум бўлди, улар орасида тасодифан The Atlantic журнали бош муҳаррири Жеффри Голдберг ҳам бор эди. Уни чатга АҚШ президентининг миллий мудофаа бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц тасофидан қўшган. Чатда Америка расмийлари Яман ҳусийларига қарши ҳарбий операцияни мувофиқлаштирган.

Журналист бир неча кун давомида зарбалар тафсилотлари, жумладан, вақт, нишонлар ва ишлатилган қуроллар муҳокамаларини кузатди. Баъзи маълумотлар шу қадар нозик эдики, Голдберг уни ошкор қилишдан бош тортди. 31 киши ҳалок бўлган ва юздан ортиқ жароҳат олган операциядан сўнг журналист гуруҳни тарк этиб, чат аъзоларига мактуб йўллаб, бундай суҳбатнинг миллий хавфсизликка эҳтимолий таҳдиди ҳақида сўраган.

Сўнгги ҳафталарда Ҳегсетнинг тўрт нафар катта маслаҳатчиси тўсатдан ўз лавозимини тарк этди, уларнинг баъзилари маълумотларни оммага сиздириб юборишда айбланди. Уларнинг барчаси Мудофаа вазирлигидаги ички зиддиятларга ишора қилувчи очиқ баёнотлар билан чиқди.

АҚШ армиясининг истеъфодаги зобити Ҳегсет мудофаа вазири этиб тайинланишидан олдин, сўнгги йилларда консерватив FOX News каналида эрталабки шоу бошловчиси бўлган. У бир неча бор спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишда айбланган.

Оқ уй матбуот котиби Кэролин Левитт Ҳегсетни алмаштиришга уринишлар бўлмаганини инкор этиб, Твиттеръда президент Трамп уни «қаттиқ қўллаб-қувватлашини» ёзди.

Мавзуга оид