Ўзбекистон | 11:32 / 19.04.2025
13104
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги хусусий клиникада 11 ёшли бола уколдан сўнг вафот этди

Марҳумнинг яқинлари боланинг ўлимида клиника шифокорларини айбламоқда. Бош прокуратурага кўра, ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси ҳамда масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги хусусий клиникада 11 ёшли бола тиббий муолажадан сўнг вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. Унда бола клиникага бироз шамоллагани учун олиб борилгани айтилади.

Видеолавҳаларда боланинг яқинлари унинг ўлимида клиника шифокорларини айблаган.

“Иккита нотўғри антибиотик ёзиб, катталарнинг дозасини проба қилмай туриб болага урган. Шамоллагани учун дадаси билан келган. Дадаси навбат олиб тур, мен овқат олиб келаман деб ташқарига чиққан. Навбати келган болани олиб кириб, мажбурлаб укол қилишган”, деган боланинг яқинларидан бири.

Шунингдек, у бола спортчи бўлганини, 13 кун комада ётгани ҳамда клиника раҳбари марҳумнинг яқинларига 30 минг доллар таклиф қилганини айтган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

Маълум қилинишича, марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси ҳамда масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда текшириш давом этмоқда.

Олдинроқ Наманганда оёғи синиши билан операция қилинган бемор вафот этганди.

Мавзуга оид