Жаҳон | 13:25 / 18.04.2025
1797
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ Суриядан 600 нафар ҳарбий хизматчисини олиб чиқиб кетяпти

АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли-шарқидаги саккизта оператив базадан учтасини ёпмоқда, деб ёзади The New York Times. Ушбу маълумотларга кўра, 60 кун ичида контингентни янада қисқартириш бўйича қарор қабул қилиниши режалаштирилган.

Фото: REUTERS

АҚШ Сурия шимоли-шарқидаги саккизта ҳарбий базасидан учтасини ёпмоқда, мамлакатда жойлашган америкалик ҳарбийлар сони 2000 дан 1400 гача қисқартирилади. Бу ҳақда 17 апрел, пайшанба куни икки юқори мартабали америкалик амалдорга таяниб, The New York Times газетаси хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, Mission Support Site Green Village, MSS Euphrates ва яна бир кичикроқ объект ёпилмоқда. NYT маълумотларига кўра, 60 кундан кейин америкалик қўмондонлар контингентни янада қисқартириш ёки камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишлари керак. Мутахассислар Сурияда камида 500 нафар америкалик аскарни қолдиришни тавсия қилган, бироқ АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатда америкалик қўшинлар қолмаслиги бўйича «чуқур шубҳа билдирди», деб ёзади газета. Унинг қайд этишича, Башар Асад режимининг қулаши Суриядаги таҳдидлар сонини «ҳеч бўлмаганда ҳозирча» камайтирган.

The New York Times манбаларининг қайд этишича, АҚШ ҳарбийларининг Суриядаги иштироки камайган бўлса-да, улар терроризмга, хусусан, ИШИДга қарши курашда мамлакатнинг шимоли-шарқини назорат қилувчи курдлар бошчилигидаги «Сурия демократик кучлари» ҳарбий иттифоқини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида. 10 март куни «Сурия демократик кучлари» Суриянинг янги ҳукумати билан ўз фуқаролик ва ҳарбий тузилмаларини янги сиёсий тизимга бирлаштириш бўйича келишувга эришгани маълум бўлди.

Мавзуга оид