Жаҳон | 20:21 / 17.04.2025
2759
2 дақиқада ўқилади

Туркияда гиёҳвандликка қарши мамлакат тарихидаги энг йирик операция ўтказилди

Анқарада ўтказилган рейд давомида гиёҳванд моддалар савдосида гумонланган 525 киши қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Анқарада гиёҳвандликка қарши Туркия тарихидаги энг йирик операция ўтказилди – 525 нафар наркосавдогар қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди.

Ерликаянинг сўзларига кўра, операцияга 6 ой давомида тайёргарлик кўрилган. Унга 4 768 нафар полиция ходими, 40 та хизмат ити ва тўртта учувчисиз учиш аппарати жалб этилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир вақтнинг ўзида 600 дан ортиқ манзилни кўздан кечирган.

«Биз заҳар сотувчиларга — ёшларимизнинг ҳаётини ўғирлашга журъат этаётганларга яна бир бор таъкидлаймиз: сиз кирган йўл — боши берк кўча! Агар сиз ёшларимизга тегмоқчи бўлсангиз, қонун олдида жавоб берасиз!» — дейди вазир.

Қўлга олинганларнинг аксарияти гиёҳванд моддаларни «маҳаллаларда ва кўчаларда интернет платформалари орқали» сотишда гумон қилинмоқда. Ички ишлар вазирлиги яқин кунларда янги ҳибсга олишлар амалга оширилишини билдирди.

Associated Press’нинг қайд этишича, Туркиядаги бу рейдлар 16 апрел, сешанба куни ўтказилган Европа ҳуқуқ-тартибот органларининг халқаро наркосавдо ва пул ювиш тармоқларига қарши кенг кўламли операциясидан кейин амалга оширилган.

Европол, Нидерландия, Туркия, Германия, Испания ва Бельгия полицияси раҳбарлиги остида ўтказилган операцияда 230 дан ортиқ одам ҳибсга олинган ва 400 миллион доллардан ортиқ маблағ мусодара қилинган.

Мавзуга оид