Жаҳон | 15:01 / 16.04.2025
1917
2 дақиқада ўқилади

Индонезия мамлакатда Россия ҳарбий базаси бўлишини рад этди

Индонезия расмийлари ўз ҳудудида Россия ҳарбий самолётлари жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

Фото: Politico

Мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили Фрега Венас Reuters агентлигига маълум қилишича, «бундай маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди».

Австралия мудофаа вазири Ричард Марлес бу масалани индонезиялик ҳамкасби Шафри Шамсуддин билан муҳокама қилган. Унинг сўзларига кўра, Шамсуддин Россия ҳаво кучларига Индонезия ҳудудида жойлашишга рухсат берилмаслигини аниқ айтган.

Гап Папуа провинциясидаги Манухуа ҳаво базаси ҳақида кетмоқда. У Австралиянинг Дарвин шаҳридан 1200 км узоқликда жойлашган. Ҳозирда бу ҳудудда АҚШ денгиз пиёда қисми ротацияси амалга оширилади, Австралияда эса Америка стратегик бомбардимончи самолётлари учун ҳарбий базалар модернизация қилинмоқда.

Аввалроқ Janes нашри Россия Индонезия билан Мануҳуа базасидан фойдаланиш бўйича келишув кўзлаётгани ҳақида ёзганди. Ундаги маълумотлар Австралияни хавотирга солган, чунки ушбу базадан учирилган самолётлар Австралия ҳудудига етиб бориши мумкин. Шу сабабли Австралия Бош вазири Энтони Албанезе Индонезиядан расмий изоҳ талаб қилган эди.

Индонезия томони эса бу хабарларни мутлақо ёлғон деб атади.

Мавзуга оид