CNN Turk: Россия ва Украина 15-16 апрел кунлари Анқарада музокаралар ўтказади
Туркия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги штабида бўлиб ўтадиган учрашувда Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади.

Фото: serbestiyet.com
Россия ва Украина расмийлари 15-16 апрел кунлари Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича музокаралар ўтказади. Учрашув Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда CNN Turk.
Учрашувда айнан кимлар иштирок этиши ва у тўғридан тўғри ёки билвосита ўтказилишига аниқлик киритилмаган. Москва ва Киев ўз вакилларининг мазкур учрашувда иштирок этишини ҳозирча расман тасдиқламади. Йил бошидан бери томонлар воситачилар орқали музокаралар ўтказиб келмоқда.
Ўз навбатида Туркия Миллий мудофаа вазирлиги 15–16 апрел кунлари Анқарада Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ҳарбий вакиллари билан учрашув ўтказилишини маълум қилди. Бироқ учрашувда иштирок этадиган давлатлар рўйхати ошкор этилмади.
«Россия ва Украина ўртасида эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш шароитида Қора денгиз хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашув Туркия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги штабида бўлиб ўтади. Унда хорижий давлатларнинг ҳарбий вакиллари иштирок этади ва Қора денгизда тинчликни сақлаш бўйича ҳарбий-денгиз режалаштиришнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинади», — дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
АҚШ вакиллари 23-25 март кунлари Саудия Арабистонида Россия ва Укриана делегациялари билан алоҳида-алоҳида музокаралар ўтказган эди. Музокаралар якуни бўйича АҚШ урушаётган томонлар Қора денгизда ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилган.
Аммо Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчиларидан санкциялар олиб ташланса ва «Росселхозбанк» SWIFT тизимига улансагина, бунга рози бўлишини билдирган. Украина президенти Володимир Зеленский бунга изоҳ бераркан, РФ вакиллари «аллақачон манипуляция қилишни бошлаганини» маълум қилганди. АҚШ президенти Доналд Трамп ўз маъмурияти Кремл томонидан илгари сурилаётган шартларни ўрганиб чиқаётганини айтган.
Мавзуга оид

11:20
Россия Украина шаҳарлари бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади

09:50
Трамп Лондондаги Украина музокараларини ижобий баҳолади

22:32 / 23.04.2025
Трамп: ҳеч ким Зеленскийдан Қримни Россия ҳудуди деб тан олишни сўрамаяпти

21:50 / 23.04.2025