Жаҳон | 15:22 / 10.04.2025
1223
3 дақиқада ўқилади

Украина ЕИдан «визасиз божхона режими»ни узайтиришни сўради

Киев Европа Иттифоқи Украинанинг 2025 йилда Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларнинг барча бандларини очиш қарорини блокдан чиқариш бўйича «консенсусга» эришишига умид қилмоқда.

Фото: Getty images

Украина Брюсселдан Венгрия қаршилигига қарамай, жорий йилнинг охиригача Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларнинг барча олти бандини очишини кутмоқда. Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмихал 9 апрел, чоршанба куни Брюсселда «Украина-Европа Иттифоқи» ассоциацияси кенгаши йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Украина ислоҳотлар суръатини оширишга интилмоқда ва «уруш тугагандан сўнг дарҳол ЕИнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун йиллар ичида эмас, балки ойлар ичида сезиларли натижаларга эриша олади». «Умуман олганда, биз чин дилдан тайёрмиз ва музокараларнинг барча олти банди 2025 йилда очилишини кутамиз», — деди бош вазир.

Номзод давлат билан музокараларни бошлаш қарори ЕИда бир овоз тамойили асосида қабул қилинади. Венгрия аллақачон ўз фуқаролари ўртасида сўров ўтказмагунча Украинага нисбатан бу жараёнга тўсқинлик қилишини эълон қилган. Бироқ, Денис Шмихал Брюсселда «консенсусга эришиш» ва «барча зарур қарорларни амалга ошириш» йўлини топиш мумкинлигига умид қилмоқда. «Ўз навбатида, биз барча ислоҳотлар ва қонунчиликни, хусусан, Венгриянинг биз учун саволлари бўлган миллий озчиликларга оид қонун ҳужжатларини амалга ошириш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз», деб таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Ассоциация кенгаши йиғилишида томонлар 5 июнда тугайдиган «визасиз божхона режими»ни узайтириш масаласини муҳокама қилишди. Ушбу савдо имтиёзлари 2022 йилда Украинани Россиянинг кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган.

Украина учун «Ассоциация шартномасининг 29-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритишга имкон топиш ва Европа Иттифоқи билан деярли божсиз савдо қилиш имконини берувчи ушбу чора-тадбирларни бирлаштириш» учун савдо чораларини 2025 йил охиригача узайтириши муҳим», деди Шмихал. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати «европалик ҳамкорлар билан прагматик музокаралар олиб боради ва ўз масъулият даражасини тушунади». Шу билан бирга, у Украина ушбу муаммони ҳал қилиш истиқболларига «оптимистик» қарашини таъкидлади, чунки «ҳамкорларимиз бизни яхши эшитишади ва Украина эҳтиёжларини тушунишади».

Мавзуга оид