Жаҳон | 19:40 / 09.04.2025
3430
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Трамп божларига қайтариладиган жавобни маъқуллади

Европа Иттифоқи аъзоси бўлган давлатлар 9 апрел, чоршанба куни Европа комиссиянинг Америка Қўшма Штатларига нисбатан савдо аксилчоралари жорий қилиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.

Фото: The Hindu

Bloombergʼнинг ёзишича, Европа комиссияси томонидан тақдим этилган таклиф АҚШнинг март ойида эълон қилган Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган пўлат ва алюминийга божлар жорий этиш қарорига жавобан ишлаб чиқилган.

Ҳозирча Европа комиссияси АҚШга нисбатан жорий этиладиган бож чораларининг аниқ тафсилотларини ошкор қилмаган бўлса-да, ОАВ хабарларига кўра, уларнинг қиймати 21–22 миллиард еврога тенг товарларни қамраб олади. Жумладан, соя дуккаклари, мотоцикллар ва апелсин шарбати — яъни асосан АҚШдаги республикачи штатлар билан боғлиқ маҳсулотлар.

Европа Иттифоқининг ушбу божлари 15 апрелдан бошлаб амалга киритилади. Бунгача қарорни юридик расмийлаштириш жараёнлари якунланади ва у расман эълон қилинади.

«ЕИ Америка божларини асоссиз ва зарарли, ҳар икки томонга, шунингдек, жаҳон иқтисодиётига ҳам иқтисодий зарар етказувчи деб ҳисоблайди. ЕИ АҚШ билан музокаралар орқали мувозанатли ва ўзаро фойда келтирадиган ечимларга эришишни афзал кўришини аниқ баён қилган», — дейилади Европа комиссияси баёнотида.

Шунингдек, Европа томони агар АҚШ адолатли ва мувозанатли музокара натижасига рози бўлса ўз аксилчораларини «исталган вақт тўхтатишга тайёр экани»ни таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча Европа Иттифоқининг ушбу аксилчоралари Трамп томонидан 9 апрелдан кучга кирган ЕИ экспортига нисбатан жорий қилинган 20 фоизлик «ўзаро» божлар ва яқинда эълон қилинган 25 фоизлик автомобил божларини қамраб олмайди.

Мавзуга оид