Ўзбекистон | 15:48 / 09.04.2025
5145
4 дақиқада ўқилади

«Сайёҳлар йўллар аҳволидан норози» — мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ишларни бошлаш топширилди

Йиғилишда кўпчилик ҳокимлар туризм қандай катта йўналиш эканини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди. Сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистрал ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланади.

Давлат раҳбари дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини кўрсатиб ўтди. 

«Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!» – деди президент.

Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди.

Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди.

Сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими – ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди. 

Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди. 

Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди. 

Паркентнинг «Олтин бел» чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Франциянинг «Куршавел» тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. 

«Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади», – деди президент.

Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Йиғилишда кўпчилик ҳокимлар туризм қандай катта йўналиш эканини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Мавсум бошланганига бир ойдан ошгани билан капсулали уйлардан иборат маскан фақат Китобда очилгани қайд этилиб, қолган 35 та туман ва шаҳар ҳокими «мудраб» ўтиргани танқид қилинди.

Капсулали уйларни қуриш ва жиҳозлашга Туризм жамғармасидан 10 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди.

Сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистрал ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди.

Мутасаддиларга «туризм ҳалқаси»га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, ишларни бошлаш топширилди.

Туризм қишлоқларини ташкил қилиш бўйича 3 йил олдин бошланган иш яхши самара бераётгани эътироф этилди.

Лекин, Тошкент вилоятида Корея тажрибаси асосида туризм қишлоғи қилиш ташаббуси қоғозда қолиб кетгани, Қашқадарё ва Жиззахда атиги 1 тадан туризм қишлоғи очилгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ва Сирдарёда ҳунармандчилик, Жиззах ва Фарғонада гастрономик туризм марказлари мавжуд эмас.

Шунингдек, Жиззах ва Сурхондарёда туризм экспорти 65 миллион долларга, Сирдарёда эса 30 миллион долларга бормайди.

Бирорта чегара пунктида юртимиз туризм салоҳиятини кўрсатадиган «туризм бурчаги» ташкил этилмагани танқид қилинди.  

«Аҳолимиз ўртасида тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) оммалашмоқда. Лекин, турфирмалар бундай сайёҳлик маршрутига рухсат олишга 2-3 ой сарфлаяпти», – деди президент.

Мутасаддиларга рухсатномани Ягона интерактив портал орқали 10 кунда беришни жорий қилиш топширилди.

Мавзуга оид