Ўзбекистон | 14:48 / 08.04.2025
6350
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш учун 217 та тураржой биноси бузилади

Маданий мерос агентлигига кўра бузилиши режалаштирилган, фуқароларга тегишли бўлган тураржой бинолари маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган. Уларнинг эгаларига бозор қийматида компенсация пуллари тўлаб берилади. 

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олинаётгани ҳақидаги хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, президентнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур фармойишга асосан Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган 217 та тураржой биноси бузилиши қайд этилган. Ушбу бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган.

Президентнинг 2021 йил 19 июндаги тегишли қарорида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳаларини агентлик билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

2025 йилнинг 6 март куни агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилган ва якуний хулоса берилган. Кенгаш хулосасига кўра, Самарқанд шаҳрида жойлашган Имом Мотуридий мажмуасининг атрофини кенгайтириш ишлари юзасидан таклиф маъқулланган.

Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги Имом Мотуридий мажмуаси атрофини кенгаштириш ва ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш белгиланган.

Ҳужжатда ушбу ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилган. Мазкур ҳудудда амалга ошириладиган кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларининг назорати Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига юклатилган.

Уй-жойлари бузилаётган аҳоли вакилларининг тураржойлари бозор қийматида ҳисобланади ва белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.

Олдинроқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги президент қарори имзоланганди. Ушбу қарор асосида 2025 йил апрел ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказилади, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этилади.

Шунингдек, яқинда Самарқандга ташрифи чоғида давлат раҳбарига Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш лойиҳаси тақдимот қилинганди. Унга кўра, Мотуридий мажмуасида 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади.

Мавзуга оид