Ўзбекистон | 12:20 / 01.04.2025
1554
2 дақиқада ўқилади

Божхона институтида бакалавриатда дуал таълим асосида ўқитиш йўлга қўйилади

“Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Фото: Божхона қўмитаси

Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларини илмий асосланган ҳолда ўрганиш учун Божхона қўмитаси таркибида Ташқи иқтисодий фаолият илмий маркази ташкил этилади.

2026 йил 1 январга қадар Божхона институтида қуйидаги ахборот тизимлари жорий этилади:

 ▪️таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш бўйича “Таълим менежменти” автоматлаштирилган ахборот тизими;
▪️профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш бўйича “Самарадорликни баҳолаш” модули;
▪️божхона органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича  “Малака” автоматлаштирилган ахборот тизими.

2025-2026 ўқув йилидан:

🔸бакалавриатда дуал таълим асосида ўқитиш йўлга қўйилади;
🔸магистратурада тўлов-контракт асосида таълим муддати икки йил бўлган сиртқи таълим шакли жорий этилади. 

2025 йил 1 июлдан суғурта ташкилотлари билан божхона органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми йўлга қўйилади. Бунда:

🔹божхона постига кириб келган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полисини расмийлаштириш божхона органлари ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
🔹Божхона қўмитасининг тегишли дастурлари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинади;
🔹чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полиси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Мавзуга оид