Жаҳон | 15:56 / 31.03.2025
2731
2 дақиқада ўқилади

WP: АҚШ Мудофаа вазирлиги Россияни эмас, Хитойни асосий таҳдид деб ҳисоблаяпти 

Пентагоннинг махфий ҳужжатига кўра, АҚШ ўзига асосий таҳдид сифатида Россияни эмас, балки Хитойни кўряпти. Вашингтон Россияни тийиб туришни Европага қолдирмоқчи, деб ёзади The Washington Post.

Фото: AP

Оқ уйнинг фикрича, Хитой ҳозирда АҚШ учун асосий таҳдид деб ҳисобланиши, Россияни тийиб туришни эса Европа иттифоқчилари ихтиёрига қолдириш керак. Бу ҳақда 29 март, шанба куни The Washington Post (WP) газетаси Пентагон раҳбари Пит Хегсет томонидан қўл остидагиларга юборилган АҚШ Мудофаа вазирлигининг устувор йўналишлари ҳақидаги ички циркулярга таяниб хабар берди.

WP танишиб чиққан махфий ҳужжат миллий мудофаа бўйича вақтинчалик стратегик қўлланмадир. У март ойи ўрталарида Пентагонда тарқатилган ва департаментнинг юқори лавозимли амалдорлари учун устувор вазифалар тизимини белгилаб беради. Ҳужжатда Хегсет Хитойни «идора диққат марказида бўлган ягона таҳдид», «Хитой ҳудудни АҚШ ҳимоя қилган ҳолда ҳам Тайванни эгаллаб олишини инкор этишни» «ягона муҳим сценарий» деб атайди.

Пентагоннинг йирик давлат билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш учун кучларни режалаштириш концепцияси фақат Пекин билан зиддиятни ҳисобга олади. Ҳужжатга кўра, Москва таҳдиди асосан Европа иттифоқчиларига тегишли бўлиб қолади. Қўлланмада, шунингдек, Пентагон Европа, Яқин Шарқ ва Шарқий Осиёдаги иттифоқчиларни мудофаага кўпроқ маблағ сарфлаш ва Россия, Шимолий Корея ва Эрон таҳдидларини олдини олишда етакчи рол ўйнашга мажбур қилиши айтилади.

Мавзуга оид