«Сити» кубок сари кетмоқда, «Барса» рақибларга даҳшат солмоқда. Кун ўйинлари
Англия Кубоги чоракфиналида Ҳусанов бир бўлим ўйнади. Гвардиола иккинчи бўлимда унинг ўрнига ҳужумкор футболчи туширди ва ўйинда бурилиш ясади. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Рэшфорднинг қайтиши ва Ҳоланднинг жароҳати
Англия Кубоги. 1/4 финал
«Престон» — «Астон Вилла» 0:3
Голлар: Рэшфорд (58, 63 пеналти), Рэмзи (71).
Престон — Корнелл, Стори, Гибсон, Ҳюз, Брэйди, Тортарсон (Мавене, 83), Уайтмен, Йенсен (Кэрролл, 73), Мегома (Линдсей, 77), Кин (Осмаич, 64), Риис (Эванс, 77).
Астон Вилла — Мартинес, Кэш (Гарсия, 81), Конса, Мингз, Дин, Камара, Тилеманс (Макгинн, 73), Рожерс (Мален, 73), Рэмзи, Асенсио (Онана, 73), Рэшфорд (Уоткинс, 81).
Огоҳлантиришлар: Кин (28), Уайтмен (67).
«МЮ»дан ижарага олинган Маркус Рэшфорд «Астон Вилла»да фаолиятини қайтадан қуришни давом эттирмоқда. У — кубок ўйинларида тўпурар. Профессионал даражадаги дебютидан бери у Англия кубоги ва Лига кубоги ўйинларида жами 27 гол урган ва бу давр оралиғида ҳеч ким у билан беллаша олмайди. «Престон» майдонида қийин кечаётган ўйиннинг иккинчи бўлимида айнан Рэшфорд Диннинг узатмасидан кейин тўпга бир тегиниш билан ҳисобни очди ва кейинроқ пеналтини аниқ ижро этди, жамоалар савиясидаги фарқни эса учинчи гол муаллифи Жейкоб Рэмси яққол кўрсатиб берди. У марказий зонада бир финт билан таъқибчисини ортда қолдирди ва тўпни жарима майдонига қадар олиб бориб, бурчакни аниқ нишонга олди. Натижа — бирмингҳэмликларнинг XXI асрдаги кубок ўйинларида қозонган энг йирик ғалабаси ва жамоа учун 2015 йилдан буён илк яримфинал.
«Борнмут» — «Манчестер Сити» 1:2
Голлар: Эванилсон (21) — Ҳоланд (49), Мармуш (63).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоланд (14).
«Борнмут» — Аррисабалага, Кук, Забарний, Сенеси (Жеббисон, 85), Солер (Ҳилл, 67), Кристи (Смит, 73), Адамс, Брукс (Уаттара, 67), Клюйверт, Семенио, Эванилсон (Скотт, 73).
«Манчестер Сити» — Эдерсон, Нунеш, Ҳусанов (О'Рейли, 46), Диаш, Гвардиол, Ковачич (Нико, 83), Гундўған (Макейти, 83), Силва, де Брюйне, Фоден (Грилиш, 69), Ҳоланд (Мармуш, 61).
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов (37), Кристи (62), Кук (70), Клюйверт (77), Нунеш (86), Макeйти (90+5).
Яримфиналларга йигирма бор чиққан «Манчестер Сити» ҳам соврин учун курашни давом эттирмоқда, бу кубок инқирозли мавсумда мухлислар учун ягона юпанч бўлиши мумкин. Жамоадаги муаммолар «шаҳарликлар» бу мавсумда 21-марта ўз дарвозаси биринчи бўлиб ишғол этилишига йўл қўйганида яна бир бор кўзга ташланди. Бу борада бундан ёмонроқ кўрсаткич фақат АПЛни тарк этишга яқин турган «Лестер» (25) ва «Саутҳемптон» (22), шунингдек, беқарор ўйин кўрсатаётган «МЮ» (22) томонидан қайд этилган. Бу ҳужум Нунес қанотдан марказга тўп узатишда хатога йўл қўйиши билан бошланди, Брукснинг олис бурчак томон узатмасидан кейин Клюйверт тўп учун курашда худди шу Нунесдан устун келди ва зарба йўллади, шу куни бошланғич таркибда тушган Ҳусанов дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолишга уринди, аммо мезбонлар ҳужумчиси Эванилсон ундан илдамроқ ҳаракат қилди ва ҳисоб очилди. Ҳолбуки бунгача Ҳоланднинг ўзида гол уриш учун иккита яққол вазият бўлганди.
Аммо норвегиялик ҳужумчи аввалига пеналтидан зарба беришда Кепани алдай олмади, кейин эса яккама-якка вазиятга чиқиб бориб тўпни нафақат дарвозабон, балки тўсин устидан ҳам ошириб тепди. Танаффусда эса Гвардиола фавқулодда ўзгаришга қўл урди, марказий ҳимояда ҳаракат қилган Ҳусанов ўрнига чап қанот ҳужумчиси О'Райлини майдонга ташлади. Айнан шу ўзгариш ўйин тақдирини ҳал қилди, кубок ўйинларида бунгача ҳам уч бор гол уришга улгурган 20 ёшли футболчи аввалига Эрлинг қаторасига учинчи мавсумда инглиз жамоаси учун камида 30 гол уришига ёрдам берди. Англияда бундай серия Руд ван Нистелрой давридан буён (2001 йилдан 2004 йилгача) кузатилмаганди. Аммо Эрлинг кўп ўтмай жароҳат олди ва ўрнини Мармушга бўшатиб берди. О'Райли эса мисрлик ҳужумчига ҳам голли пас бериб, ўйиннинг энг яхши футболчисига айланди.
Энди «Сити» яримфиналда «Ноттингҳэм», «Астон Вилла» «Кристал Пэлас»га қарши ўйнайди.
Испания: Месси давридаги каби
Ла Лига. 29-тур.
«Барселона» — «Жирона» 4:1
Голлар: Крейчий (43, автогол), Левандовски (61, 78), Торрес (86) — Данжума (53).
«Барселона» — Шесни, Кунде, Араухо, Мартинес (Кубарси, 81), Мартин, Педри (Торре, 87), Гарсия (Балде, 81), Гави (де Йонг, 67), Ямал, Лопес (Торрес, 67), Левандовски.
«Жирона» — Гассанига, Франсес, Блинд, Крейчий, Гутиеррес, Циганков (Стуани, 71), Мартинес (Майсҳуй, 80), Артур (Ромеро, 71), Эррера, Аспириля (Порту, 59), Данжума.
Огоҳлантириш: Эррера (42).
«Барселона»ни тўхтатиб бўлмаяпти, ҳатто ФИФА кунлари ортидан навбатдан ташқари ўйин қўйиб берилса ҳам. Пайшанба куни «Осасуна»га қарши қолдирилган ўйин ва Каталония дербиси оралиғида тикланиш учун уч кундан камроқ вақт бўлди, аммо жамоа буни амалда сезмади. Бутун ўйин давомида захира ўриндиғида қолган Рафинянинг ёрдамига зарурат туғилмади.
«Барселона» тетик бошлади ва тезкор гол урадигандек кўринганди. Аввалига Левандовскининг қулай вазиятдан йўллаган зарбасини дарвозабон қутқарди, иккинчи темпда ҳужумни давом этган Фирмин пеналти ишлади — аммо VAR бу вазиятда Лопеснинг ўзи қоидани бузган деб топди ва бош ҳакам ўз қарорини бекор қилди.
Кейин эса Ямал ўз услубида ўзи учун вазият яратди: уч рақибни ортда қолдириб, яқин бурчакни нишонга олди, Гассанига яна сейв ижро этди. Унинг ортидан Араухо Педрининг бурчакдан узатмасидан хавфли зарба йўллади ва дарвозабон яна бир бор ақл бовар қилмас реакция кўрсатди. Ва буларнинг бари — атиги 22 дақиқа ичида бўлиб ўтди.
«Жирона» қуйи блокда ҳимояланди, тўпга эгалик қилиш ҳақида ўйламади ва автобус қўйиш услубида сабр қилди. Ва ҳам дарвозабон, ҳам ҳимоячиларнинг саъй-ҳаракатлари билан бўлим охиригача бардош берди.
43-дақиқада эса Лопес хавфли стандарт вазият ишлади, Ямал тўпни яқин бурчакка етказиб берди, ҳимоячи Крейчи эса Гарсия билан тўп учун кураш чоғида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.
53-дақиқада Араухо тўпни узоқлаштиришда хато қилди, каталонияликларнинг собиқ футболчиси Артур уни эгаллаб олди, Блинд эса Данжумани амалда яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Араухо офсайд чизиғини ушлай олмади ва ҳисоб тенглашди.
Шундан кейин ўтган ўйинда дам берилиб, фақат захирадан туширилган Левандовски катта саҳнага чиқди. Педри жарима майдонига узатма берди, Фермин тўпни бош билан дарвозабон ҳудудига ташлади, у ерда турган Роберт чалқанча ҳолатда туриб, тўпни Гассаниганинг оёқлари орасидан ўтказди. Кўп ўтмай у иккинчи голни ҳам урди ва амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Полшалик ҳужумчи ла лигадаги 24 ва 25-голларини билан яна Мбаппедан (22) узоқлашиб кетди.
Бундан ташқари, 36 ёш-у 221 кунлигида 25 та гол уриб, «Реал» афсонаси Ференц Пушкашни ортда қолдириб, ла лиганинг яна бир абадий рекордини ўрнатди. Шу жумладан, «Барса» ўз тўпурари туфайли сермаҳсуллик бўйича 2017/18 йилги мавсумдан бери энг яхши натижани кўрсатмоқда. Бу Месси даврида бўлганини ҳамма эслайди, лекин бир нюанс бор.
Ўшанда 141 гол мавсум охирига қадар урилганди, ҳозирги 139 аниқ зарба эса — март охирида қайд этилмоқда. Испаниянинг ҳеч бир клуби 45 та расмий ўйинда бу қадар кўп гол урмаганди. Энг асосийси эса ҳозирда турнир жадвалида юзага келган ҳолат: ўйинлар тенг ҳолатида каталонияликлар «Реал»ни яна уч очкога ортда қолдирмоқда.
Италия: «Аталанта» пойгани тарк этди
А Серия. 30-тур
«Фиорентина» — «Аталанта» 1:0
Гол: Кен (45).
«Фиорентина» — Де Хеа, Понграчич, Мари, Раниери, Додо (Комуззо, 84), Фажоли (Ричардсон, 84), Каталди, Мандрагора, Паризи (Фолоруншо, 71), Гудмундссон (Белтран, 67), Кен (Заниоло, 84).
«Аталанта» — Карнезекки, Жимсити, Ҳин, Колашинац, Белланова, Де Рон, Пашалич (Ружери, 75), Заппакоста (Куадрадо, 75), де Кетеларе (Брешианини, 65), Ретеги (Самаржич, 55), Лукман (Малдини, 55).
Огоҳлантиришлар: Ҳин (77), Самаржич (86), Колашинац (90+3).
Еврокубокларга чиқишга уринаётган ва еттинчи ўринда бораётган «Фиорентина» «Аталанта»ни скудетто учун курашдан узил-кесил чиқариб юборди. Сўнгги турлар бергамоликлар учун ҳақиқатни тан олиш даври бўлди, ФИФА ўйинлари олдидан жамоа ўз майдонида «Интер»га ютқазганди (0:2), Флоренциядаги ўйинда Ҳиннинг ёмон ўйини Жан Пиеро Гасперинини ақлдан оздирай деди. Майдон марказида уни алдаб ўтган Мойзе Кин жамоасига ғалаба келтирди, у А Сериянинг жорий мавсумидаги ўн олтинчи голини якка ўзи ҳаракат қилиб урди. «Аталанта» энди «Интер»дан 9 очко ортда қолмоқда ва чемпионликдан умид узди.
«Интер» — «Удинезе» 2:1
Голлар: Арнаутович (12), Фраттези (29) — Соле (71).
«Интер» — Зоммер, Павар, Ачерби, Аугусто, Дармиан (Залевски, 76), Фраттези (Барелла, 64), Чалхонўғли (Аслани, 64), Мхитарян, Димарко (Биссек, 63), Тюрам, Арнаутович (Корреа, 55).
«Удинезе» — Окойе, Кристенсен, Бийол, Соле, Эхизибуэ, Атта (Пайеро, 71), Карлстром (Заррага, 70), Ловрич (Браво, 46), Камара (Модесто, 70), Эккеленкамп (Пафунди, 80), Лукка.
Огоҳлантиришлар: Ачерби (90+1), Барелла (90+4).
Жароҳатланган Лаутаро Мартинес йўқлигида «Интер»нинг ҳужум чизиғидаги асосий ҳаракатлантирувчи кучи Димарко бўлди. Ушбу ҳимоячининг икки бор ҳужумга қўшилиши Арнаутович ва Фраттезига идеал узатмаларга айланди. Агар топ-5 лигаларнинг сўнгги икки мавсумидаги кўрсаткичлар олинса, Димарко сермаҳсуллик бўйича (9 гол ва 12 пас) «Байер»нинг қанот футболчилари Грималдо ва Фримпонгдан кейинги учинчи натижани қайд этмоқда. Якшанба оқшомидаги қаҳрамонлик мақомини у Зоммер билан бўлишса ҳам бўлади, дарвозабон ҳисоб 2:1 ҳолатида учта ақл бовар қилмас сейв ижро этди. Ўйин давомида одатда босиқ бўладиган Симоне Индзаги ҳам «Интер» посбони қўшиб берилган дақиқаларда яқин масофадан йўлланган зарбани қайтарганида ҳиссиётларини тийиб туролмади ва қизил карточка олди.
«Наполи» — «Милан» 2:1
Голлар: Политано (2), Лукаку (19) — Йович (84).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: С.Хименес (69).
«Наполи» — Мерет, Ди Лоренцо, Буонжорно, Раҳмани, Оливера, Гилмур, Лоботка (Жесус, 81), Ангисса (Биллинг, 65), Нерес (Нгонж, 85), Политано (Маццоки, 85), Лукаку (Симеоне, 85).
«Милан» — Менян, Уокер (А.Хименес, 80), Габбия, Павлович, Эрнандес, Фофана, Бондо (Леау, 46), Рейндерс, Пулишич (Йович, 80), Феликс (Чуквуэзе, 55), Абраҳам (С.Хименес, 55).
Огоҳлантиришлар: Лукаку (40), А.Хименес (90).
Сержиу Консейсау бошчилигидаги «Милан», албатта, қаҳрамонликлар кўрсатишга қодир ва бу сафар ҳам камбэкка яқин эди. Аммо Антонио Конте бошқарувидаги «Наполи» ўта уюшқоқ ва тизимли жамоа бўлиб, унинг учун икки голлик устунлик - муваффақиятнинг деярли юз фоизли кафолати. Жанубликлар бу устунликка россонерилар мудофаа марказининг заиф томонларидан фойдаланиб, тезда эришди. Политано муаллифлигидаги биринчи гол иккинчи дақиқадаёқ урилди, неаполликлар 1955 йилдан бери «Милан» билан ўйинларда бундай тезкор гол ура олмаётганди. Бунинг ортидан Лукаку юбилей голини нишонлади, Гилмор жарима майдони марказида турган шеригига идеал узатма оширди. Белгиялик футболчи учун бу профессионал даражадаги 400-гол бўлди.
Иккинчи бўлим ўрталарида Биллинг жарима майдони ичида эҳтиёткорсизлик қилиб, Эрнандесни йиқитгач, мезбонларда асабийлик бошланди. Аммо Мерет Сантяго Ҳименес ижросидаги пеналтини қайтарди. Шундан кейин «Наполи» устунликни сақлаб қолиш учун бутунлай ҳимояга ётди, «Милан» эса ўзгаришлар ҳисобига сезиларли даражада кучайди. Ўйин охирларида Йович Эрнандеснинг узатмасидан кейин ҳисобни қисқартирди. Лекин мезбонлар меҳмонларнинг якуний штурмини амаллаб қайтаришди ва чемпионатдаги интригани сақлаб қолди. «Интер» билан орадаги фарқ ҳамон 3 очкони ташкил этмоқда.
Германия: Шлоттербекнинг янги қирраси
Бундеслига. 27-тур
«Боруссия» Д — «Майнц» 3:1
Голлар: Байер (39, 72), Жан (42) — Небел (76).
«Боруссия» Д — Кобел, Антон (Бенсебайни, 90+1), Жан, Шлоттербек, Коуту (Свенссон, 62), Ўзжан (Зюле, 79), Гросс, Рюерсон, Брандт (Чуквуэмека, 79), Адейеми (Гиттенс, 90), Байер.
«Майнц» — Йентнер, да Кост, Йенц, Ҳанче-Олсен, Видмер (Вератшниг, 66), Амири, Сано, Каси (Норден, 88), Небел, Ли Чже Сон (Ҳон Ҳён Сок, 65), Небел (Зиб, 87), Буркардт.
Огоҳлантиришлар: Коуту (45), Шлоттербек (89).
Чемпионлар лигасига даъвогар жамоа чемпионат турнир жадвали ўртасида юрган жамоага қарши — бу ушбу икки жамоалар ўртасидаги тўқнашув учун одатий афиша. Аммо бу мавсумда «Боруссия» ва «Майнц» ролларини алмаштирган. Дортмунд ҳозирда ЕЧЛ йўлланмасини фақат орзу қилиши мумкин, шу вақтгача бирор марта мавсумни бешинчи ўриндан юқорида якунлай олмаган рақиб эса тарихдаги энг яхши натижаси учун курашмоқда. Аммо якшанба оқшомида дортмундликлар ўзининг энг яхши даврларидаги каби ўйин кўрсатди. Қолаверса, Нико Ковачнинг оригинал юриши иш берди. Одатда марказий ҳимоячилардан бурчак зарбалари вақтида иккинчи қаватдаги кураш учун фойдаланилади, аммо мураббий Шлоттербекнинг бошқа устунлигидан фойдаланди. Унинг чап оёғи яхши, узоққа узатмалари — Ҳуммелсникидан қолишмайди. Унинг бу истеъдодидан корнерларни ижро этишда фойдаланилди, бу узатмалар Эмре Жан ва Байер иккинчи голини урганида қўл келди. «Майнц» мағлубиятга учраганига қарамай, рақобатчилари ҳам бу турда қоқилгани туфайли тўртинчи ўринни ўзида сақлаб қолди. «Боруссия» эса ҳозирча ўринчи ўринда қолмоқда ва еврокубокларга йўлланма берувчи олтинчи ўрин билан фарқ тўрт очкони ташкил этмоқда.
Мавзуга оид

13:44 / 30.03.2025
«Пахтакор» Тошкентда «Динамо»га ютқазди, ОКМК яққол пешқадам

11:58 / 30.03.2025
«Реал»да камбэк, Шомуродов ва «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

11:46 / 28.03.2025
«Барса» йирик ғалабага эришди ва яна «Реал»дан узоқлашди

10:15 / 26.03.2025