Жаҳон | 21:45 / 25.03.2025
11094
11 дақиқада ўқилади

«Сен барибир ютқазасан». Имомўғли қандай қилиб мухолифат етакчисига айланди?

Туркия президентлигига номзод, коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган Акром Имомўғли мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Имомўғли 54 ёшда, у мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясида етакчи шахс, шунингдек, Истанбул мэри – анчадан бери Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақибларидан бири ҳисобланади.

У ўтган йили Эрдўған ва унинг ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партиясини доғда қолдириб, Истанбул мэрлиги учун сайловда иккинчи бор ғалаба қозонганди.

Истанбул Туркиядаги энг йирик шаҳар бўлиб, унда 15 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Имомўғли 2024 йилги сайловларгача ҳам бу шаҳарни беш йилдан бери бошқариб келаётган эди. Туркиядаги кўплаб сиёсий шарҳловчилар унинг такрорий ғалабасини «Эрдўғаннинг тарихдаги энг ёмон мағлубияти» деб аташганди.

Акром Имомўғли 19 март, чоршанба куни коррупция ва терроризмга шерикликда айбланиб, қўлга олинганди. У Жумҳурият халқ партиясининг 2028 йилги сайловларда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши праймеризи арафасида унинг уйига полициячилар боришди.

Имомўғлининг олиб кетилиши ва кейин қамоқда қолдирилиши бу сценарийни шубҳа остига қўйди.

Бу воқеа Туркияда ўн минглаб кишилар иштирокидаги норозилик намойишларини келтириб чиқарди – бу сўнгги ўн йил ичидаги энг йирик намойишлар бўлмоқда. Истанбул, Анқара ва Измир каби энг йирик шаҳарларда намойишлар бир неча кундан бери давом этмоқда. Хавфсизлик кучлари уларга кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллаган ҳолатлар бўлди.

Митинглар Туркиянинг 81 вилоятидан 55 тасида ўтказилган

Туркия ИИВ маълумотларига кўра, беш кун давомида полиция 1100 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Қамоқдаги мэр ўзига қўйилган айбловларни сиёсий, ҳибсга олинишини – «Туркия демократияси учун қора доғ» деб атади.

У X ижтимоий тармоғи орқали ҳамюртларини қаршилик кўрсатишга чақириб шундай ёзди: «Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз билан биз бу тўнтаришни тўхтатамиз ва кейин буни қилганларга эшикни кўрсатамиз».

Юз минглаб турклар унинг чақириғига жавоб берди. Интернетда улар ўз етакчисига мурожаат қилмоқда: «Биз сени президент қиламиз».

Сиёсатчи шунингдек, қамоқдан туриб Эрдўғанга қуйидаги хабарни йўллаган: «Барибир сен ютқазасан. Биз ўзаро ҳалоллигимиз, жасоратимиз, камтарлигимиз ва табассумимиз туфайли сени мағлубиятга учратамиз».

Имомўғли қандай қилиб мухолифат етакчиси бўла олди?

Акром Имомўғли 1970 йилда Туркиянинг Қора денгиз соҳилидаги Трабзон вилоятининг Ақчаобод шаҳрида туғилган.

Мактабни тамомлагач, Шимолий Кипрдаги Гирне Америка университетига ўқишга киради. Кейинчалик у оиласи билан Истанбулга кўчиб ўтади ва у ерда бизнесни ўргана бошлайди. Университетни тамомлагач, қурилиш соҳасида ишлаб, оилавий қурилиш компанияси Imamŏğlu Inşaat билан шуғулланган ва кўфте – турк фрикаделкаларига ихтисослашган ресторан эгаси бўлган.

Шимолий Кипрдаги коллежда ўқиган йилларида Имомўғли ярим профессионал сифатида Turk Ocagi Limasol футбол клубида ўйнаган. Спортнинг шу турига муккасидан кетган Туркияда футболга бўлган муҳаббат (ёшлигида Эрдўған ҳам ҳаваскорлар даражасида футбол ўйнаган) сиёсатга киришга қарор қилганида унга қўл келади.

Акром Имомўғли ва унинг Семиҳ Германия мезбонлик қилган Евро-2024 гуруҳ босқичида Туркия ва Португалия ўйинида

Оиласининг консерватив ўнг марказчи қарашларига қарамай, Имомўғли «университетда ўқиётганда социал-демократик қадриятларни қабул қилгани»ни айтади.

У ўз сиёсий фаолиятини 40 ёшга яқинлашганида бошлаган. 2008 йилда Имомўғли Жумҳурият халқ партиясига аъзо бўлади ва 2009 йилда Истанбулнинг асосан ўрта синф вакиллари истиқомат қиладиган ва ўша пайтга келиб оиласи жойлашган Бейликдузу туманидаги партия ячейкасига раҳбарлик қилди. Тўрт йил ўтгач, у муниципал сайловларда ғалаба қозонди (ЖХПдан номзоди кўрсатилган) ва ушбу туманга раҳбарлик қилади.

Шу билан бирга, у 2019 йилга қадар таниқли сиёсатчи эмасди. Эрдўғанни доғда қолдириб, Туркиянинг энг йирик шаҳри мэри лавозимига сайланиш эса Имомўғлига осонликча насиб этмади.

2019 йили Имомўғли илк бор Истанбул шаҳар ҳокимлигига номзодини қўяди (ўз вақтида Эрдўған ҳам айнан шу шаҳардан ўз сиёсий фаолиятини бошлаган эди).

У биринчи турда 13 минг овоз фарқи билан ғалаба қозонади. Бироқ Эрдўғаннинг партияси – Адолат ва тараққиёт партияси (АКР) қоидабузарликлар бўлганини важ қилиб, натижаларни шубҳа остига қўяди ва қайта овоз беришни ташкил этади. 

Бу жараёндаги суд муҳокамаларидан бирида одамлар орасидаги болакай Имомўғли томон қичқириб шундай деди: «Ҳаммаси яхши бўлади!»

Сиёсатчи бу иборани ўзининг сайлов шиорига айлантиради ва такрорий сайловлар эълон қилинганидан сўнг митингда ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, пиджак ва галстукни ечиб ташлаб, енгларини шимариб, уларни янги ғалабага бор куч-ғайратини қаратишга чақиради ва шундай дейди: «Ҳаммаси яхши бўлади!»

Митингларда галстукни ечиш ҳам ушбу сиёсатчининг ўзига хос жестига айланган

Имомўғли учун ўшанда ҳақиқатан ҳам ҳаммаси яхши якунланган: қайта овоз беришда бу сафар 800 минг овоз фарқи билан ғалаба қозонган, у 54 фоиз овоз тўплаган – унинг рақиби, ҳукмрон партиядан номзод Биноли Йилдирим эса 45 фоиз овоз билан иккинчи бўлган. Президент Эрдўған учун бу жуда катта зарба бўлади.

2024 йилда ҳам Истанбул мэри сайловида Имомўғли иккинчи марта эрдўғанчиларни ортда қолдиради.

Истанбулдаги сайловларда ғалаба қозониш Туркия сиёсати учун нимани англатади?

Имомўғлининг шаҳар мэрлиги учун сайловларда АКР номзоди устидан такрорий ғалабаси турк фуқароларининг кайфиятида рўй берган жиддий ўзгаришларни кўрсатди. Эрдўғаннинг ўзи бир неча бор «Истанбулда ғалаба қозонсанг, Туркияда ғалаба қозонган бўласан» деб айтган.

Истанбул – Эрдўған улғайган, ўсмирлигида кўчада лимонад ва симит (кунжутли турк кулчалари) сотиб, пул ишлаган жойдир.

Айнан шу ерда у 1970-йилларда сиёсий фаолиятини бошлаган ва мэрликдан бош вазиргача ва охир-оқибат президентликкача бўлган йўлни босиб ўтган.

2019 йилда ҳукмрон партия номзодининг мэрлик сайловларидаги мағлубияти шахсан президентга ҳам, унинг партиясига ҳам оғриқли зарба бўлди. Истанбулда 85 миллионга яқин Туркия аҳолисининг бешдан бир қисми истиқомат қилади. Шаҳар мамлакат иқтисодиётининг катта қисми, жумладан, савдо, туризм ва молия учун жавоб беради.

Имомўғли 2023 йилги президентлик сайловларида иштирок этмоқчи бўлганди, бироқ 2022 йилда у Туркия Олий сайлов кенгаши ходимларини ҳақорат қилганликда айбланган (у расмийларни «аҳмоқлар» деб атаган, шу билан бирга ўзи мэрни ҳақорат қилган Туркия ички ишлар вазирлиги раҳбари Сулаймон Сойлуга жавоб қайтарганини айтган).

Ушбу иш бўйича суд унга икки йил-у етти ой қамоқ жазоси тайинлади, шунингдек, сиёсий фаолият билан шуғулланишни тақиқлади. Имомўғли бу ҳукм устидан шикоят қилган, апелляция суди ҳали ҳукм чиқармаган.

Имомўғлининг сиёсий карерасидаги юксалишни кўпчилик бир пайтлар президент Эрдўған билан содир бўлган воқеага ўхшатади.

Имомўғли 2024 йилда Истанбулда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, кўплаб экспертлар унинг сиёсий карераси бир пайтлар Туркиянинг амалдаги президенти билан содир бўлганидек юксалишини прогноз қилишган эди.

Сиёсатчини Эрдўғанга таҳдид деб ҳам атай бошлашди. 2023 йилги сайловлардаги ғалабадан сўнг Эрдўғаннинг учинчи президентлик муддати бошланди. Конституцияга кўра, у 2028 йилда президентликка номзодини қўя олмаслиги керак.

Туркия раҳбарининг танқидчилари эса у яна бир бор президентлик лавозимини эгаллаш учун конституцияни ўзгартириши мумкинлигини айтишади. Кейинги сайловлар 2028 йилга белгиланган бўлса-да, президентлик сайловлари эртароқ ўтказилиши эҳтимоли йўқ эмас.

Имомўғли турк сайловчиларини нима билан ўзига жалб қилди?

Сайлов кампаниялари пайтида кўпчилик Имомўғлини сиёсатга юмшоқ ёндашуви ва ҳазил туйғуси учун мақтаган. Бу унинг Туркиянинг қутбланган сиёсий майдонидаги кўплаб рақибларининг тактикасидан кескин фарқ қиларди.

ЖХПнинг дунёвий базасини кенгайтириб, у Туркиянинг диндор ва консерватив сайловчиларини ҳам ўз томонига жалб қила олди. Анъанага кўра, улар мамлакатда АКР учун овоз беришарди, аммо уларнинг баъзилари Имомўғли сайловолди кампанияси дастурига масжидга ташрифларни ҳам киритиб, яқинда Истанбулнинг машҳур Каракўй туманидаги тарихий масжидни қайта тиклаш тўғрисида эълон қилганидан кейин Имомўғлини қўллаб-қувватлай бошлади.

У янги авлод рамзига айланган — бу авлод давлатни ўз қўлига қайтармоқчи, сиёсатни диндан ажратмоқчи ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказмоқчи. Имомўғлининг шаҳар ҳокими сифатидаги сиёсати Эрдўғанникидан кескин фарқ қилади. Масалан:

  • У АКР’га яқин диний жамғармалар, жумладан, Эрдўған асос солган TÜRGEV жамғармасига ажратиладиган давлат субсидияларини тўхтатди.
  • У турли сиёсатчилар ва АКР аъзолари томонидан ноқонуний ва ҳаддан ташқари қиммат ижара шартномалари асосида ишлатилган хизмат автомашиналари бўйича шартномаларни бекор қилди — шу йўл билан Имомўғли Эрдўғаннинг атрофидагиларга манфаат келтираётган молиявий оқимларни тўхтатди.

Натижада сиёсатчи мунтазам таъқибларга учради — у ҳақоратлар, Курдистон ишчилар партияси [Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган] билан алоқалар ва коррупцияда айбланди. 

Яқинда Истанбул университети унинг бизнес-администрлаш соҳасидаги дипломини бекор қилди [гўёки қабул пайтидаги қоидабузарликлар туфайли]. Бу чоралардан кўзланган мақсад Акрам Имомўғлининг президентликка номзод бўлишига тўсқинлик қилиш. Чунки Туркия конституциясига кўра, номзодда олий маълумот бўлиши шарт.

23 март куни суд Имомўғлини суд жараёни тугагунича ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Унга тегишли қурилиш компанияси миллийлаштирилмоқда, шаҳар ҳокимиятини эса Эрдўғанга яқин шахслар эгаллади.

Акром Имомўғли рафиқаси Дилек билан

Ҳибсга олинган шаҳар ҳокимининг рафиқаси Дилек Имомўғли қаршилик ҳаракатининг етакчиларидан бирига айланди. У олдиндан ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, хайрия ишлари ва сайловолди кампаниясида турмуш ўртоғи билан бирга чиқишлари туфайли машҳур шахс бўлиб улгурганди.

«Бу — миллатга қарши бевосита ҳужум ва биз курашамиз. [...] Бу ерда ягона жинояткор — Эрдўған. Менинг эримнинг ягона «айби» — халқнинг юрагини забт этгани. Ва у Туркиянинг кейинги президенти бўлади», деди у митингда.

У шунингдек, Эрдўған ҳокимиятда умрбод қолиш учун Конституцияни ўзгартиришни исташаётганини ҳам таъкидлади.

23 март, якшанба куни ЖХП президентликка номзод учун рамзий овоз берди. Унда 15 миллион киши иштирок этди. Улардан 13 миллиони бирдамлик белгиси сифатида Имомўғлини қўллаб-қувватлади, деди партия раиси Ўзғур Ўзел.

Мавзуга оид