Ўзбекистон | 11:39 / 25.03.2025
1983
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги делегация минтақа сайёҳлик ҳаётидаги энг йирик воқеа – Жанубий Осиё саёҳат ва туризм кўргазмасида (South Asia’s Travel & Tourism Exchange - SATTE) фаол иштирок этди.

Фото: kalpak-travel.com

Мамлакат миллий павилони учрашув ва музокаралар учун энг гавжум майдончалардан бирига айлангани Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Улар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва бу борадаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида туркум материаллар чоп этди.

Оммабоп The Print нашрида чоп этилган "Ўзбекистон Ҳиндистонни визасиз тартибга эга давлатлар қаторига қўшишни режалаштирмоқда, 2030 йилга бориб ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақолада Ҳиндистон Ўзбекистон учун устувор бозорга айлангани ҳақида сўз юритилган.

Нашр Умид Шодиевнинг "Мақсадимиз 2030 йилга бориб Ўзбекистонга келаётган ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч баравар оширишдан иборат. Ҳиндистон паспорти эгалари аллақачон электрон виза олиш ҳуқуқига эга. Ҳиндистонни яқин келажакда Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига қўшиш масалани ўрганмоқдамиз", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Мақола муаллифи The Print ўқувчилари эътиборини бугунги кунда мамлакатимизда "Ўзбекистон 2030" стратегияси самарали амалга оширилаётганига қаратган.

"Мақсадимиз – 2030 йилга бориб мамлакатга йилига 15 миллион халқаро сайёҳни жалб этишдир", - деган Умид Шодиев нашрга.

Халқаро саёҳатчилар сони 2017 йилдаги 2,7 миллион нафардан 2024 йил рекорд даражадаги 10 миллионга етди, халқаро ўсиш биргина ўтган йилнинг ўзида 24 фоизга ошди, дея урғулаган The Print нашри.

Мавзуга оид