Жаҳон | 08:10 / 24.03.2025
3121
2 дақиқада ўқилади

Интернетга қараб ўз кўричагини кесмоқчи бўлган ҳиндистонлик оғир аҳволга тушиб қолди

Уттар-Прадеш штатидаги Матҳура шаҳрида яшовчи 32 ёшли Ражабабу Кумар ҳеч қорин соҳасидаги тўхтамаётган оғриқдан чарчаб, шифокорларга мурожаат қилиш ўрнига ўзини ўзи операция қилишга уринди.

Фото: Times of India

Уни анча вақт кўричак оғриғи безовта қилган. Уни кесиб ташлаш учун интернет ва YouTube орқали жамлаган маълумотлар асосида шундай хавфли қарор қабул қилди, деб ёзмоқда Times of India.

Ўтган ҳафтанинг чоршанба куни кечқурун у ўз уйидаги хонасини ичкаридан беркитиб олиб, оғриқни сезмаслик учун маҳаллий анестезия қилган. Кейин қорнининг пастки ўнг қисмини тахминан 7 сантиметр узунлик, 18 сантиметр чуқурликда кесади. Бироқ пичоқ кутилганидан чуқурроқ кириб кетгани учун оғриқ янада зўрайган ва кучли қон кетиш бошланган.

Ражабабу ярага 10–12 та чок қўйишга ҳаракат қилган, лекин чоклар нотўғри қўйилгани сабабли қон тўхтамаган. Шунда у оғир аҳволидан оила аъзоларини бохабар қилган. Ҳайрат ва даҳшатга тушган қариндошлари уни дарҳол Матҳура туман касалхонасига етказишган.

Матҳура касалхонаси шифокори Шаши Ранжаннинг маълум қилишича, бемор ўзининг қорин қисмини 7x1 сантиметргача кесган. Аммо чоклар нотўғри қўйилгани учун яра яхши ёпилмаган. Унга зарур жарроҳлик операцияси қилингач, оғир аҳволда Аградаги йирик тиббиёт муассасасига кўчирилган.

Жайт тумани полиция бўлими раҳбари Ашвини Кумарнинг сўзларига кўра, шифохона вакили ушбу ҳодиса ҳақида полицияни хабардор қилган. «У жуда оғир аҳволда бўлган, лекин ҳушёр эди», — деди у.

Ражабабунинг қариндоши Рахул Кумарнинг айтишича, у аввал ҳам кўричак бўйича операция қилдирганини доимо айтган ва шу атрофдаги оғриқдан нолиган.

«У жарроҳлик буюмларини ўзи харид қилган. Кейин қорнини кесиб, ўзини операция қилган. Оғриқни босиш учун ўзига укол қилган бўлиши мумкин. Лекин оғриқ ҳаддан кучайгач, ташқарига чиқиб, бизни чақирди», — дейди оила аъзоси.

Ҳозирда Ражабабунинг аҳволи жуда оғир. Маҳаллий ҳокимият органлари ушбу воқеани ўрганишни бошлади.

Мавзуга оид