Ўзбекистон | 12:24 / 24.03.2025
31954
4 дақиқада ўқилади

Газ, свет ва сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилиш тартиби бекор қилинди

Эндиликда аҳоли ва тадбиркорлар электр, газ ва сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилишлари шарт эмас. Вақтида қиёслашдан ўтказиш тегишли ташкилотнинг зиммасида бўлади. Адлия вазирлиги вакили Kun.uz билан суҳбатда бу қандай ишлаши, ҳисоблагичларни ҳар неча йилда текшириш кераклиги, текширувдан ўтказмаса нима бўлиши ва бу хизмат учун тўлов миқдори ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Euroradio.fm

Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқ сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилиш талаби бекор қилинди. Эндиликда муддати етган ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш таъминотчи корхоналар зиммасида.

Бу борадаги давлат хизматларини проактив шаклга ўтказиш ўтган йил декабрдаги ҳукумат қарорида белгиланган.

Адлия вазирлиги масъул ходими Элёр Каримов Kun.uz'га бу тартиб қандай ишлашини тушунтириб берди.

– Жисмоний шахслар ҳар 8 йилда, юридик шахслар 4 йилда электр энергияси, газ ва сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиши керак. Шу пайтгача бунинг учун фуқаролар ва юридик шахслар давлат хизматлари марказига бориб, ёки my.gov.uz портали орқали қиёслашдан ўтказиш учун ариза бериши керак эди.

Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш нима дегани? Бунда метрология хизмати ҳисоблагич тўғри ишлаяптими-йўқми текширади. Масалан, 1 литр сувни ўтказиб, 2 литр деб кўрсатмаяптими, шу каби текширишлар ўтказилади.

Аввалги тизимда ариза таъминотчи корхонага бориб тушганидан кейин, таъминотчи корхонадан одам келиб, ҳисоблагични ечиб олиб кетади. Қиёслашдан ўтказади ва қайтариб олиб келиб ўрнатиб берарди. Бунда мажбурият фуқароларнинг ўз бўйнида эди.

Ҳозир эса фуқаролар ҳеч қаерга ариза бермайдиган бўлди. Таъминотчи корхонанинг ўзи ҳисоблагичларни кузатиб боради: қиёслашдан ўтказишга 3 ой муддат қолганда ҳар бир хонадон ёки корхонага бориб, ҳисоблагичларни ечиб олиб кетади, қайтариб олиб келиб ўрнатади.

Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов шахсий ҳисобдан автоматик ечиб олинади. Шу пайтгача амалда бўлган тартибга кўра, ариза берилган пайтда қиёслашдан ўтказиш учун алоҳида тўлов қилинарди. Янги тартиб билан эса ҳисобрақамдаги пул ечиб олинади. Масалан, сиз ток ёки газга тўлов қилиб қўйган бўлсангиз, ўша пулдан олинади.

Қиёслашдан ўтказиш суммаси ҳозирги кунда жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (75 минг сўм), юридик шахслар учун БҲМнинг 1,5 баробари (562 500 сўм) ҳисобланади.

– Агар ҳисобрақамда етарлича пул бўлмаса-чи?

– Қарзга ёзилади ва пул тўлаганингизда ечиб олинади.

– Таъминотчи корхона қиёслашдан ўтказиш муддати келганини қандай аниқлайди?

– Таъминотчи корхоналарда ҳисоблагичларни кузатиб бориш имконияти аввалдан бўлган. Уларнинг маълумотлар базаси бор.

– Агар таъминотчи корхона ходими хонадонга борганида уйда ҳеч ким бўлмаса ва ҳисоблагични олиб кета олмаса-чи?

– Бунда таъминотчи корхона далолатнома тузади ва уни почта орқали юборади. Шундан кейин ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш мажбурияти фуқаронинг мажбуриятига ўтади. Яъни энди сиз ариза топширишга мажбур бўласиз ва давлат хизматлари марказига мурожаат қилишингиз керак.

– Агар қиёслашдан ўтказилмаса, нима бўлади?

– Газ, электр токи ёки сув – фарқи йўқ, икки хил тарифда тўлов қила оласиз. Ё ҳисоблагич ҳисоблаганига тўлайсиз, ёки хонадонда рўйхатда нечта одам турган бўлса, киши бошига тўлайсиз. Агар ҳисоблагич бўлмаса ёки қиёслашдан вақтида ўтказилмаса, тариф киши бошига ўтиб кетади. Бунда сиз ишлатмаган бўлсангиз ҳам, тўлашга мажбур бўласиз. Шу сабабли ҳисоблагич бўлгани яхши.

– Агар таъминотчи корхона ўз вақтида ҳисоблагични олиб кетишга келмаса-чи?

– Бунда жавобгарлик фуқаро зиммасида бўлмайди. Корхона айби билан вақтида ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилмай, тариф киши бошига ўтказиб қўйилган тақдирда, судга бериб, ютиб чиқса бўлади.

Дейлик, сизнинг ҳисоблагичингизни қиёслашдан ўтказиш вақти келди, аммо таъминотчи корхона ходими уйингизга келмади. Тарифингиз киши бошига ўтди ва сизга асоссиз қарздорлик ёзиляпти. Аввал таъминотчи корхонага мурожаат қилишингиз мумкин, корхона айбини бўйнига олиб, тарифингизни ўзгартириши ва қайта ҳисоб-китоб қилиши керак. Агар бундай қилмаса, судга мурожаат қилишингиз лозим.

Мавзуга оид