“Президент сафардалигида отамни йўқотмоқчи бўлишган” — яқинлари Абдулла Орипов ҳақида
Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи, миллий адабиётнинг йирик вакилларидан бири, марҳум Абдулла Орипов таваллудига 84 йил тўлди. Kun.uz мухбири шоирнинг хонадонида бўлиб, унинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ҳамда қизи Шоира Орипова билан суҳбатлашди. Интервюда улар Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги кунлари, ижодий ва сиёсий фаолиятига доир воқеликларни эслаб, хотираларини гапириб берди.
Абдулла Орипов рафиқасининг сўзларига кўра, шоир доимо халқ дарди билан яшаган, ташвишсиз кунлари бўлмаган, умрини тинимсиз ўйга толган ҳолда ўтказган:
“Абдулла аканинг хотиржам юрган кунларини эслай олмайман, ҳамма нарсадан хавотирланарди, ҳаётда жуда бесаранжом инсон эдилар. Улар учун ҳеч қачон оила биринчи ўринда турмаган. Доим халқни ўйлардилар.
1967 йил тўйимиз бўлган. Ўшанда 17 ёш эдим, расмий никоҳдан ҳам ўтмаганмиз. Тўйимизга Тошкентдан Шукур Холмирзаев, Низом Комилов, Тўлқин каби кўплаб ижодкорлар келган. Базмда Абдулла ака Эркин Воҳидовнинг бир ғазали ва ўзининг “Ёзажакман” шеърини ўқиган. Шундан кейин айни шу шеърлар асосида уларни узоқ вақт тергов қилиб, сўроққа чақиришган. Ўзининг таъбири билан айтганда “8 қатор шеър 8 та бомба бўлиб ёғилган бошига”. “Тилла балиқча”, “Дорбоз” сингари кичик-кичик шеърларига ҳам сиёсий тус берилар, кўп тазйиқлар ўтказиларди”, – дейди шоирнинг турмуш ўртоғи.

Ҳанифа Мустафоеванинг айтишича, ёзувчи Абдулла Қаҳҳор вафот этгач, унинг адабий мактабига мансуб ижодкорлар турли назорат ва текширувларга тортила бошланган. Абдулла Орипов ҳам бундан мустасно бўлмаган:
“1968 йилда Абдулла Қаҳҳор вафотидан кейин унинг шогирди деб Абдулла акани ҳам кўп текширишарди. Уларнинг кейинги пайтда афсус билан айтган гапларини яхши эслайман: “фақат тушим қолди назоратчилар аралашмаган”, “кимдир ўзининг иши қолиб, менинг қадамимни ўлчаб юрибди”, деб деб хўрсиниб гапирардилар. Вазиятни очиқ-ойдин сезиб турарди, шеърларини ўқисангиз, бу ҳақида етарлича ёзган”, – дейди Ҳанифа Мустафоева.
Шоир рафиқасининг сўзларига кўра, совет тузумида ҳар қандай асар қаттиқ цензура остида чоп этилган. Абдулла Ориповнинг биргина “Онажон” шеъри ҳам узоқ муддат нашр қилинмай, вақтлар ўтиб “Саодат” журналида чиққанида ҳам кўплаб ўзгаришларга учраган:
“Тошкентга 1968 йилда келганман, шу йилдан Абдулла аканинг ҳаёт тарзини яқиндан кўра бошладим. Ўша йили турмуш ўртоғимнинг онаси оламдан ўтганди. Волидасини қўмсаб ёзган “Онажон” шеъри доим чўнтагида юрарди. Шеър нашр этилганда “охири чиқардим-а” деб ҳафсаласизлик билан гапиргандилар. Сабаби ҳаттоки, она ҳақидаги шеър ҳам матбуотда босилиши жуда қийин бўлган. Хонадонимизда уй телефони бўларди, шу қурилма орқали “мана бу сўзини ўзгартириб беринг, бу жойини алмаштириб беринг” деб қўнғироқ қилаверишарди, то матбуотда чиққунича сатрларнинг ярми ўзгариб кетарди”, – дейди. Ҳанифа Мустафоева.

1988-1989 йилларда ўзбек тили бекор қилинган, олийгоҳларда ўзбек тили кафедралари ёпилган, Наврўз байрамини ўтказиш тақиқланган. Шу даврда газетада “Салом, баҳор!” деган катта мақола берилган ва у Абдулла Орипов номидан чиққан. “Аслида мақолани турмуш ўртоғим ёзмаган. Уларни чақиртириб, номидан чиқарганликни тасдиқлашга мажбур қилишган”, – деб хотирлайди Ҳанифа Мустафоева:
““Йўқ” дейиш мумкин эмас эди. Қарши борсангиз, ўзингиз қолиб яқинларингизга ҳам тазйиқлар бошланарди. Абдулла аканинг уч акаси бор эди, тизимга қарши борсам, уларни сургун қилади, деб қўрқардилар. Фарзандларимиз ҳали кичкина эди, болалари ва оиласидан ҳам кўра, акаларидан ташвишланарди.“Ўзим бўлсам майли эди, қариндош-уруғлар – ҳаммасини текислайди-да булар”, деб жим қолишга мажбур бўларди. “Хўп” дейишдан бошқа илож қолдиришмасди
Қозонда қайнаб турган сумалакларга тупроқ ташланган вазиятлар ҳам бўлган. Абдулла аканинг ич-этини тирнарди бунақа ҳолатлар. Наврўз ҳақида 4 қатор шеърлари бор:
Сен бизни кечиргин эй, Наврўзимиз,
Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.
Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,
Шўр пахта босамиз энди ўзимиз.
Уларнинг изтиробларини шу сатрлардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Ўша йилларда ҳатто суннат тўйи ҳам ман этилганди. Абдулла ака ўғлимга суннат тўйи қиламан, деб орзу қилган, аммо бунга рухсат берилмаган. “Агар бу маросимни ўтказсанг, партиядан сени чиқариб юборишади”, деб огоҳлантиришган. Ўшанда қишлоққа мени ўғлимиз Илҳомжон билан бирга жўнатиб юбориб, “укам ўғлига тўй қиляптикан, ўғлимизни олиб бориб, бирга суннат қилдириб кел”, деб тайинлаганлар. Охирги пайтда жаноза ўқишга ҳам рухсат берилмаган, марҳумлар доклад ўқиб, мусиқа чалиб кўмиладиган даражага етганди”, – деб хотирлайди шоирнинг турмуш ўртоғи.

Ҳанифа Мустафоева ўша йилларда Ўзбекистон раҳбари бўлган Шароф Рашидов ижод аҳлини имкон қадар ҳимоя қилганини таъкидлайди. Унинг айтишича, Абдулла Ориповнинг шеърлари Москвада чоп этилишида ҳам Рашидовнинг ҳиссаси катта бўлган:
“Абдулла ака, бу шеърларингиз учун Ҳадрага олиб чиқиб отиб ташлашмаган ҳалиям” деб ҳазиллашардим. Ҳақиқатан, шеърларини ўқисангиз қалтис-қалтис сатрлари кўп. Шароф Рашидов ўзи адабиётчи, ёзувчи бўлгани учун, айниқса, ўзи айта олмаган дардларни, балки Абдулла ака ёзгани учун таҳликали вазиятларда турмуш ўртиғимни ҳимоя қилгандир. Кўп нарсаларни кўриб кўрмасликка олиб, қўллаб-қувватлаганлар.
Абдулла ака шоирлигидан ташқари сиёсатчига ҳам айланиб қолган эди. 1989 йилларда СССР депутати бўлдилар, Горбачёв ҳукумат йиғинларида иштирок этдилар. Биринчи президентимиз Ислом Каримов билан Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинишида қатнашдилар. Ўша йиғилишга кетаётганда ҳам залда ўқиш учун кечаси билан ўтириб шеър ёзиб чиққандилар. Ҳали мустақиллик эълон қилиниш-қилинмаслиги аниқ эмас, лекин яхши ният билан Абдулла ака шеър ёзиб тайёрланиб боргандилар. Турмуш ўртоғим доим “шоирнинг чўнтагида битта янги, қоралама шеъри бўлмаса, унинг шоирлиги бекор” дердилар.

Мадҳия учун эълон қилинган танловга Абдулла ака "Қўнғиртовлиқ" тахаллуси билан қатнашган. Саралов уч босқичдан иборат бўлган ва деярли икки йил давом этди. Ҳар бир босқичда Абдулла аканинг шеърлари юқори ўринларни эгаллади. Тинимсиз меҳнат натижасида мадҳия учун икки шеър ёзилди. Ва охири “Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт нажот” деган сатрлар билан бошланадиганини танловга тақдим этдилар. Мадҳиянинг эски мусиқаси ўзгармайдиган бўлди. СССР вақтидагиси сайқалланиб, ўша мусиқага шеър мослаштирилди. Мутал Бурҳонов ҳар куни уйимизга келиб, пианинода мусиқани чалиб кўрар ва мадҳияни фарзандларим билан куйлаб, ҳар бир сўзи мусиқага мос тушаётган ёки йўқлигини текширарди. Мадҳиянинг матни ҳам жуда кўп ўзгартирилган, шу вақтгача бир нечта вариантини музейларга берганман, уйда яна 50-60 та нусхаси сақланиб қолган”, – дейди Ҳанифа Мустафоева.
Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Абдуллаева эса отаси ва мадҳия билан боғлиқ хотираларни қуйидагича эслайди:
“Ҳар янги йилда мадҳиянинг янграшини отам интизорлик билан кутарди. Отамга қўштирноқ ичидаги дўстлари ва шогирдлари келиб, “эшитдингизми, мадҳияни ўзгартиришяптикан” деб гапириб, кўнглини беҳузур қилиб кетарди. Йил ярмидан бошлаб, 6 ой давомида янги йил келишини кутардилар. Байрамда мадҳия янграб, унинг матни ўзгармаганини билганларидан кейин, хайрият, ўзгартиришмабди”, деб йиғлаб юборардилар”, – қизи дейди Шоира Орипова.
Шоир рафиқаси Абдулла Орипов умрининг сўнгги етти йилида уй қамоғига ўхшаш ҳолатда яшагани, ҳамма шогирдлари ва ҳамкасблари уларни кўрса, қочадиган вазиятга тушиб қолганини айтади:
“Охирги вақтлар “менга яқин юрма, ёнимга келсанг, қорам сенга ҳам юқади. Ўзимдан узоқлаштирганим сенга қилган яхшилигим” дейдиган даражага тушиб қолгандилар. Матбуот, телевидение, радио – ҳаммасидан узиб қўйишганди. Лекин бунинг учун Ислом Каримовдан Абдулла ака умуман хафа бўлмасди, бошқа кучларнинг бу ишда қўли борлигини билиб турардилар”, – дейди Ҳанифа Мустафоева.

Шоир узоқ йиллар давомида соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлса-да, ижоддан тўхтамаган. 2016 йилнинг кузида унинг соғлиғи ёмонлашди. Даволаниш мақсадида АҚШга жўнатилди. Турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоеванинг сўзларига кўра, Абдулла Орипов вафотидан олдин ҳам она юртини қўмсаб яшаган, Ўзбекистонни соғинганини қайта-қайта такрорлаган.
Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябр куни АҚШнинг Хюстон шаҳрида вафот этди. Унинг жасади ватанга қайтарилиб, 10 ноябр куни Тошкент шаҳрида дафн қилинди.
“Отам жасадини ўз юрти Қашқадарёнинг Некўз қишлоғи “Тойлоқ ота” қабристонига олиб бориб, ота-оналарининг ёнига қўйишимизни васият қилгандилар. Халқ вакили бўлгани ва Қашқадарёга кўпчилик йўқлаб бора олмаслигини инобатга олиб, ҳукумат вакиллари бошчилигида Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди”, – дейди Шоира Орипова..
Интервюнинг тўлиқ қисмини Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.