Жаҳон | 00:55 / 20.03.2025
7004
2 дақиқада ўқилади

Хитойда институтнинг собиқ ходими жосуслик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди

У лавозими кўтарилмагани сабаб раҳбариятига нисбатан «гина сақлаб келган» ва махфий маълумотларни чет эл махсус хизматларига сотмоқчи бўлган.

Хитойда суд илмий-тадқиқот институти собиқ ходимини жосусликда ва давлат сирларини чет эл махсус хизматларига беришда айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Хитой Давлат хавфсизлик вазири хабар берди.

«Яқинда давлат хавфсизлик органлари жосуслик билан боғлиқ ишни фош қилди. Унга кўра, илмий-тадқиқот муассасаларидан бирининг ходими катта миқдордаги давлат сирларини ноқонуний равишда нусхалаган, кўпайтирган ва чет эл разведка хизматларига топширган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, илмий-тадқиқот институтларидан бирининг Лю исмли собиқ кичик муҳандиси лавозими оширилмагани сабаб раҳбариятга нисбатан «гина сақлаб келган» ва натижада ишдан бўшашга қарор қилган.

«Ишдан бўшашдан олдин у ўзи фойдаланиб келган катта миқдордаги махфий маълумотлардан нусха кўчирган ва сақлаб қўйган — ундан қасос олиш ва раҳбариятни шантаж қилишда фойдаланмоқчи бўлган», — дейилади хабарда.

Идора маълумотларига кўра, Лю ишдан бўшагач, инвестиция компаниясида фаолият бошлаган ва фонд бозори ўйинларига берилган, натижада, бу катта молиявий қийинчиликларни юзага келтирган. Шундан сўнг, у ўзи мавжуд махфий маълумотларни чет эл махсус хизматларига сотишга қарор қилган.

Таъкидланишича, Лю сўроқ вақтида ўз айбига иқрор бўлган.

«Суд Люни жосуслик ва давлат сирларини ноқонуний равишда бериш бўйича ўлим жазосига ҳукм этди, шунингдек, уни умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Минск суди Япония фуқароси Наканиси Масатосини чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ишида айбдор деб топиб, уни 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқаргани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид