Жаҳон | 22:02 / 18.03.2025
4223
2 дақиқада ўқилади

Хитой урушдан кейин Украинани тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди

Хитой аллақачон Украинага тўртта гуманитар ёрдамни етказиб берган ва буни давом эттириши мумкин.

Фото: Reuters

Хитой Украинага урушдан кейинги мамлакатни қайта тиклашда ёрдам беришга, шунингдек, бошқа ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда Халқаро ҳамкорлик агентлиги вакили Ли Мин баёнот берди.

«Биз манфаатдор томонларнинг хоҳиш-истакларига мувофиқ ўз имкониятларимиз доирасида ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрмиз, бу, албатта, урушдан кейинги реконструкцияни ҳам ўз ичига олади», деб унинг сўзларини келтирди China Daily.

Унинг сўзларига кўра, Хитой аллақачон Украинага тўртта гуманитар ёрдамни етказиб берган. Ли Мин шунингдек, Пекин «дунё тинчлиги ва барқарорлиги учун ижобий куч ва глобал адолат учун илғор куч» бўлиб қолишда давом этишини айтди.

Хитой Россия билан Украина урушида расман ҳеч бир тараф ёнини олмади. Расмий Пекин Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушини «Украина инқирози» деб аташда давом этмоқда.

Саудия Арабистонидаги АҚШ-Украина музокаралари арафасида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг Пекин Россиянинг Украинага қарши урушини сиёсий жиҳатдан тартибга солиш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашга тайёрлигини айтган эди.

Мавзуга оид