Жаҳон | 21:25 / 18.03.2025
7322
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўз қароргоҳида 1 миллион долларлик шахсий кечки овқатни ташкил қилди

Тадбирда қатнашмоқчи бўлган меҳмонларга 1 миллион доллар тўлаш таклиф қилинди.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида миллиардер Илон Маск билан шахсий кечки овқат тадбирини ўтказди, бунинг учун меҳмонларга 1 миллион доллар тўлаш таклиф қилинди, деб хабар берди Wired.

Нашр кечки овқат жараёни тасвирланган кўплаб фотосуратлар ва видеоларни қўлга киритган. Маск 2016 йилдан 2023 йилгача OpenAI директорлар кенгашида ишлаган Шивон Зилис исмли аёл билан кечки овқатда қатнашган. У Маскнинг тўрт фарзанди онаси ҳисобланади.

Маск Трампнинг ёнидаги столда ўтирди, деб ёзди Wired. Нашр маълумотларига кўра, 1 мартдаги худди шундай учрашувдан фарқли ўлароқ, тадбир АҚШ президентининг расмий дастурига киритилмаган. Ўша кечки овқатда қатнашиш ҳам 1 миллион доллар эди, шунингдек, бизнесменлар Мар-а-Лагода Трамп билан шахсий учрашув ўтказиш учун 5 миллион доллар эвазига келишиб олиши ҳам мумкин.

Маск ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) бошлиғи сифатида ишлаяпти. Аввалроқ, DOGE минглаб федерал ходимларни, жумладан, давлат хизматидаги фахрийларни ишдан бўшатди. Қўшма Штатлар бошқа давлатларга ёрдамни ҳам кескин қисқартирди.

The New York Times газетасининг 12 март куни хабар беришича, Маск Трамп бошқарувидаги сиёсий ташкилотларга 100 миллион доллар сармоя киритади. Бундай гуруҳларга Make America Great Again Inc ва Securing American Greatness киради, улар Трампнинг яқин тарафдорлари томонидан ташкил қилинган.

Мавзуга оид