Жаҳон | 15:21 / 17.03.2025
2877
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинага ғарб тинчликпарвар кучлари келишига яна қарши чиқди

Россия ТИВ раҳбари ўринбосари баёнотига кўра, Россия Украинадаги НАТО мамлакатлари тинчликпарвар кучларига можаро иштирокчилари сифатида муносабатда бўлади.

Фото: Shutterstock

Москва ўт очиш тўхтатилган тақдирда Украинага НАТО ва Европа Иттифоқи давлатларининг тинчликпарвар кучларини юбориш эҳтимоли муҳокама қилинаётганини «номақбул ва бемаъни» деб ҳисоблашда давом этмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Александр Грушко 17 март, душанба куни чоп этилган «Известия» газетасига берган интервюсида маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Москвага «НАТО контингентлари Украина ҳудудига қандай ёрлиқ остида жойлаштирилиши мумкинлиги умуман қизиқ эмас: у Европа Иттифоқи, НАТО ёки миллий мақомда бўлса ҳам».

«Агар улар ўша ерда пайдо бўлса, демак, улар можаро зонасига жойлаштирилмоқда, бу контингентларга можаро тарафлари сифатида оқибатларни келтириб чиқаради», — деб ҳисоблайди россиялик дипломат.

Грушконинг баёнотлари аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтган гаплардан унчалик фарқ қилмайди. У бир неча бор Украинада Европа давлатларидан тинчликпарвар кучларнинг бўлиши эҳтимоли бўйича муҳокамалар юзасидан қўпол тарзда изоҳ берган, гарчи бу Киевнинг айрим иттифоқчиларининг шахсий ташаббусидир.

ST: Украинага 10 000 дан ортиқ тинчликпарварлар бориши мумкин

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер бир кун аввал бўлиб ўтган ЕИ етакчилари ва НАТО вакилларининг онлайн конференциясида Украина учун 10 мингдан ортиқ кишилик Ғарб тинчликпарвар кучларини яратиш режаларини айтиб ўтди, деб хабар берди Британиянинг The Sunday Times (ST) газетаси 16 март куни йиғилишда иштирок этган манбаларга таяниб.

«Ҳукуматдаги юқори мартабали манбалар бош вазир қуруқликдаги қўшинларни тақдим этишни таклиф қилган учта давлатдан кўра «сезиларли кўпроқ» давлатларнинг қўллаб-қувватлашини таъминлаганини айтди, аммо бу кучларнинг асосий қисми Буюк Британия ва Франциядан келиши мумкин», деб ёзади газета ва Россия ҳарбий ҳужумидан тўрт йилдан бери ҳимояланаётган давлат саъй-ҳаракатларига «муҳим кучлар» ва «катта давлатларнинг» жалб қилинганини қўшимча қилди. Кўпроқ давлатлар «бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар», деб ёзади The Sunday Times  Британия ҳукуматининг юқори мартабали амалдоридан иқтибос келтирган ҳолда.

Жами 35 га яқин давлат миссияга қурол етказиб бериш ҳамда логистика ва разведка ёрдамини кўрсатишга келишиб олди, деб ёзади газета. Йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, бу «Россия ва Украина ўртасида ўт очиш тўхтатилган тақдирда» Кремлни янги босқинни бошлашдан қайтариши мумкин. Стармернинг ўзи кўп миллатли тинчликпарвар кучларни яратиш режалари «оператив босқич»га ўтаётганини айтди.

Мавзуга оид