Иқтисодиёт | 19:31 / 17.03.2025
973
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда феврал ойидаги бизнес кайфияти таҳлил қилинди

Ўтган ойда мамлакатдаги умумий бизнес муҳити индекси 2 бандга ошиб, 54 бандга етди. Лекин бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 бандга паст, дея маълум қилди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази. Тадбиркорларнинг солиқ ставкалари бўйича хавотирлари ортгани қайд этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказган сўровлари асосида 2025 йил феврал ойидаги бизнес муҳитини таҳлил қилди.

Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори Германиянинг IFO институти методологиясига асосланган бўлиб, сўровларда корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларга баҳо беради.

Феврал ойидаги таҳлиллар хулосасига кўра, Ўзбекистонда умумий бизнес муҳити индекси 2 бандга ошиб, 54 бандга етган. Бироқ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу индекс 2 бандга пасайган. Тадбиркорларнинг солиқ ставкалари билан боғлиқ хавотирлари ортган. Шу билан бирга, айниқса саноат ва қурилиш соҳалари вакилларининг ишончи сезиларли ошган.

Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 48 фоизи бизнеснинг жорий ҳолатини “қониқарли” деб баҳолаган, бу январ ойига нисбатан 5 фоиз юқори бўлиб, ижобий тенденциядан дарак беради.

Бундан ташқари, сўров иштирокчиларининг 49 фоизи сўнгги уч ой давомида товарлар ва хизматларга бўлган талаб барқарор бўлиб қолганини қайд этди. Бундай респондентлар улуши ўтган ойга нисбатан 7 фоизга юқори.

Бизнес муҳитининг яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар кўпаймоқда. Умуман олганда, 73 фоиз тадбиркор ўзининг бизнес шароитлари ҳақида оптимистик фикрда эканини билдирган.

Шу билан бирга, нархлар пасайишини кутаётган респондентлар улуши январдаги 4 фоиздан 6 фоизгача ошган. Бу ҳам иқтисодий муҳитда барқарорликни кўрсатади.

Бизнеснинг ҳозирги ҳолати

Жорий бизнес ҳолати индекси бир ой давомида 1 бандга яхшиланди ва 40 бандни ташкил этди. Соҳалар таҳлили саноат ва қурилишда ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда: бу соҳаларда индекс мос равишда 7 ва 5 бандга кўтарилиб, 51 ва 45 бандга етди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги сектори икки поғонага пасайиб, 25 бандга тушди. Хизмат кўрсатиш соҳаси эса 44 бандда сақланиб қолди.

Бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари

Тадбиркорларнинг бизнес муҳитига нисбатан оптимистик баҳолари анча юқори даражада қолмоқда ва 3 бандга ошиб, 68 бандни ташкил этган.

Индекснинг ўсиши иқтисодиётнинг асосий тармоқларидаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ. Хусусан, бизнес кутилмалари саноатда 8 бандга, қурилишда 9 бандга ва хизматлар соҳасида 2 бандга ўсиши кузатилган.

Қишлоқ хўжалигида индекснинг бироз пасайишига қарамай, ушбу сектор бўйича кутилмалар юқори даражада қолмоқда ва 66 бандни ташкил этган.

Ҳозирги бизнес муаммолари

Молиялаштириш масаласи асосий муаммо бўлиб қолганига қарамай, уни асосий қийинчилик деб атаган респондентларнинг улуши январдаги 9 фоиздан февралда 8 фоизгача тушган. Юқори солиқ ставкалари ҳақидаги хавотирлар 4 фоиздан 6 фоизга кўтарилган, солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ муаммолар эса 5 фоиздан 4 фоизгача қисқарган.

Электр таъминоти билан боғлиқ вазият барқарор ва респондентларнинг 4 фоизини ташвишга солмоқда. Шунингдек, респондентларнинг 9 фоизи бизнесдаги бошқа муаммоларни асосий тўсиқлар сифатида кўрсатган. Хусусан, маҳаллий ҳокимиятдаги бюрократия, рухсатнома ёки лицензия беришдаги кечикишлар, рақобат ҳамда монополиялар, кредит фоизларининг юқорилиги ва ноқонуний бузишлар каби муаммоларни таъкидлаган.

Аввалроқ Марказий банк 2024 йил 4-чораги учун “Бизнес кайфияти шарҳи”ни эълон қилганди. Унда “бизнес муҳити яхшиланди” деб ҳисобловчи тадбиркорлар сони камайгани қайд этилган. Сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи жойларда бизнес муҳити яхшиланганини билдирган, 3-чоракда эса бундай деб ҳисобловчилар сони 57 фоиз бўлганди. МБ сўровларига кўра, ўтган йили охирида ўрта ёки юқори ишлаб чиқариш қувватларида ишлаган корхоналарнинг улуши 50 фоизгача пасайган, бу – охирги 1,5 йилдаги энг паст кўрсаткич. Тўлиқ қувватда ишламаётган корхоналар асосан Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жойлашган.

Мавзуга оид