Ўзбекистон | 14:41 / 28.02.2025
19931
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда корхоналар сони кескин камаймоқда

Сўнгги икки йилда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 25 фоизга камайди. Хусусан, саноат ишлаб чиқарувчилар 40 фоизга, қурилиш ва қишлоқ хўжалигидаги корхоналар сони 39 фоизга қисқариб кетди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар сони қисқариб бормоқда. Бунга Статистика агентлиги маълумотларини ўрганган Kun.uz эътибор қаратди.

2025 йил 1 феврал ҳолатига, фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 431,5 мингтани ташкил этган. Бу – бир йил олдингидан 10,7 фоизга, 2 йил олдинги кўрсаткичдан 24,6 фоизга кам.

Фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони (1 феврал ҳолатига). Статистика агентлиги маълумотлари асосида Kun.uz диаграммаси

2025 йил 1 феврал ҳолатига фаолият кўрсатаётган 431,5 мингта корхона ва ташкилотдан 367,3 мингтаси – тадбиркорлик субъектлари. Шундан 363,6 мингтаси – кичик корхона ва микрофирмалардир.

Охирги 2 йилда тадбиркорлик субъектлари сони ҳам қисқармоқда. Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари бир йил олдингига нисбатан 12,3 фоизга, икки йил олдингига нисбатан 27,6 фоизга камайган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ҳисоблаганда, 2023 йил 1 февралидан 2025 йил 1 февралигача бўлган даврда:

  • саноат йўналишида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 93 908 тадан 56 277 тагача ёки 40 фоизга;
  • қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 45 541 тадан 27 908 тагача ёки 38,7 фоизга;
  • қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 51 051 тадан 31 297 тагача ёки 38,7 фоизга;
  • яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 35 065 тадан 26 639 тагача ёки 24 фоизга;
  • савдо соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 177 011 тадан 139 171 тагача ёки 21,4 фоизга;
  • ташиш ва сақлаш хизматлари оҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 20 207 тадан 15 95 тагача ёки 21 фоизга;
  • ахборот ва алоқа соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 11 879 тадан 10 015 тагача ёки 15,7 фоизга камайган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 11 442 тадан 11 941 тагача ёки 4,4 фоизга ошган.

Айни пайтда, янги ташкил этилган корхоналар сони ҳам камайяпти. 2021 йилда 103 мингга яқин янги корхона ва ташкилот очилган бўлса, 2022 йилда 94 минг, 2023 йилда 89 минг, 2024 йилда 80 мингга яқин янги корхона рўйхатдан ўтказилган.

Бизнесдаги кайфият аввалгидек эмас

Аввалроқ Марказий банк “Бизнес кайфияти шарҳи”ни эълон қилганди. Унга кўра, 2024 йилнинг 4-чорагида “бизнес муҳити яхшиланди” деб ҳисобловчи тадбиркорлар сони камайган. Сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи жойларда бизнес муҳити яхшиланганини билдирган, 3-чоракда эса бундай деб ҳисобловчилар сони 57 фоиз бўлганди.

Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайгани ҳам эътиборли. Ўтган йили охирида ўрта ёки юқори ишлаб чиқариш қувватларида ишлаган корхоналарнинг улуши 50 фоизгача пасайган. Марказий банкнинг қайд этишича, бу – охирги 1,5 йилдаги энг паст кўрсаткич. Тўлиқ қувватда ишламаётган корхоналар асосан Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жойлашган.

Корхонангиз нега тўлиқ қувватда ишламаяпти, деган саволга жавобан тадбиркорларнинг айтишича, бунга газ ва электр таъминотидаги узилишлар, автомобил ёнилғиси нархининг ошиши ва солиқ тизимидаги қийинчиликлар сабаб бўляпти. Кейинги 3 йилда иқтисодиётдаги вазият ва бизнесдаги муҳит яхшиланади деб ҳисобловчи бизнесменларнинг улуши 62 фоиздан 56 фоизгача камайган.

Мавзуга оид