Зеленский оташкесимга рози, Путин-чи?
Россия–Украина урушида ўт очишни тўхтатиш томон муҳим қадамлар ташланди. Вашингтон Киевни кўндириб, коптокни энди Москвага узатди – Кремлдагилар ҳозирча жим. Хўш, Саудиядаги музокаралардан қандай хулосалар қилиш мумкин? АҚШ ва Украинанинг позицияси қандай ўзгаряпти? Kun.uz вазиятни шарҳлаш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.
— Украина энг кўп хоҳлаётган масала – АҚШдан хавфсизлик кафолатлари бўлиши кутиляптими?
Фарҳод Толипов: Бироз ортга назар ташласак, Зеленский ва Трампнинг Оқ уйдаги учрашувида айнан шу хавфсизлик кафолатлари масаласи сабаб улар ўртасида келишмовчилик юзага келган эди. Лекин Саудиядаги учрашув натижалари “Музёрар эффекти”ни кўрсатди. Бу жуда катта қадамдек туюляпти.
АҚШ давлат котиби Марко Рубиога хавфсизлик кафолатлари ҳақида савол берилганда у мавҳум жавоб берди, демак бу ерда қандайдир муҳим келишувлар бор деб ўйлайман. Музокараларнинг кейинги босқичида айнан бу масала деталлари билан очиқланса керак.
Трамп жанжалдан кейин Зеленскийни яна Оқ уйга таклиф қилмоқчи эканини айтди. Зеленский позициясини кескин ўзгартирган деб бўлмайди, шунга қарамай, Трамп уни яна қабул қилишга рози, демак, Зеленскийнинг эмас, Трампнинг позициялари бироз юмшади ва ўзгарди. Бу ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Трамп аслида нима бўлаётганини тушунди. Мана шуларнинг ҳаммаси кафолатга олиб борувчи омиллар деб тушунишимиз мумкин.
— Москва сулҳ таклифини урушни музлатиш сифатида қабул қилиб, рад этиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: Ўт очишни тўхтатиш учун 50 фоиз иш қилиб бўлинди. Энди барча стрелкалар Россия тарафига қаратилди.
Бу ерда қизиқ бир композиция бўляпти. Бир томондан Украина, иккинчи томондан Америка Қўшма Штатлари ва учинчи компонент бу ерда Европа Иттифоқи. АҚШ ўртадаги музокарачи сифатида тўғридан тўғри Украинага ҳозирча хавфсизлик кафолати бераётгани йўқ, чунки агар хавфсизлик кафолати берадиган бўлса, Доналд Трампнинг тафаккурида Россия билан Американинг муносабатларида ўртадаги холис музокарачи репутациясига зарар етган бўлади.
Украинага хавфсизлик кафолатига Европа Иттифоқи доирасида ечим изланяпти, яъни Европанинг бир қанча лидерлари ҳар хил ечим таклиф қиляпти. Асосан иккита версия бор: Макрон ёки бошқа лидерлар айтяптики, биз уруш тугагандан кейин янги чегара яқинига Европа Иттифоқининг тинчликпарвар кучларини олиб келиб қўямиз. Бу ерда бир неча ўн минглаб Ғарбий Европадан келган ҳарбийлар бўлади, дейиляпти.
Италия бош вазири Жоржа Мелони эса бошқа бир ғояни айтяпти: “Украина НАТОга кирмасин, лекин НАТО тинчликпарвар кучлар сифатида ўзининг хавфсизлик кафолатини берсин”.
Бунга Россия тўлиқ қарши. Россиянинг позициясига кўра, тинчликпарвар кучлар шундай кучлар бўлсинки, булар на Ғарбий Европага, на Америкага, ва умуман НАТОга аъзо бўлган давлатлар бўлмасин, деяпти. Яъни аслида Россия командаси ёки Россияга мойил бўлган кучлар бўлиши керак деган тафаккур мавжуд.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича Путин бу келишувга аслида қалбан рози бўлмайди. Нега? Чунки Путиннинг олдига қўйган мақсади – Украинани давлат сифатида тўлиқ мажруҳлаш ва келажакда Украинанинг НАТОга ва Ғарбдаги ташкилотларга аъзо бўлишининг олдини олиш. Чунки Россия Украинанинг босиб олган ерларини сақлаб қолса ҳам, Киев қолган 80 фоиз ҳудуди билан келажакда, айтайлик Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин, яна тўлиқ НАТОга аъзо бўлиш имкониятини сақлаб қолиши мумкин.
Путин нима учун Саудиядаги учрашув натижаларига тез жавоб беришга шошилмаяпти? Чунки қандай қилиб “йўқ” дейишни ёки қоғозда “ҳа” деб айтиб, амалда “йўқ” дейиш имкониятларини ўйлаяпти.
Фарҳод Толипов: Рубио айтганидек, энди “копток Москва томонда”. Чунки Украина томони урушни тугатиш учун қадамлар ташлаб, айтилиши керак бўлган баёнотларни эълон қилди. Яъни шу орқали ўзини қанчалик тинчликка интилаётганини, урушни давом эттиришни хоҳламаётганини ошкора тасдиқлади.
Россия томонининг рози бўлишига менда шубҳа бор. Чунки Россия армияси айни шу музокаралар вақтида ҳам Украина ҳудудига кенг кўламли ҳужумларни тўхтатмади.
Бир вақтлар, совуқ уруш даврида, СССР ва АҚШ ўртасида ядровий қуролларни синовдан ўтказишни тўхтатиш бўйича музокаралар бўлган. Ўша пайтда, эслайман, ҳатто СССР ўзининг яхши нияти борлигини намойиш этиш учун, келишув тузилмасидан туриб, бир томонлама шундай синовларни тўхтатган эди.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

18:12
Урушнинг охири яқинми? Нега Украина ва Россияга тинчликка эришиш шунчалик қийин?

18:08
Путин: «Курскда асир тушганларга террорчилардек муносабатда бўлинади»

17:31
Россия колонияларидаги хорижликларнинг 70 фоизи Марказий Осиё давлатлари фуқаролари

17:20