Ўзбекистон | 13:33 / 11.03.2025
8643
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида учта тарихий масжид бузиб ташланди

Яна бир тарихий ёдгорлик рухсатсиз таъмирланган. Прокуратура томонидан тўртала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Бош прокуратура

Самарқанд вилоятининг иккита туманида учта тарихий масжид биноси бузиб ташланган. Яна битта тарихий ёдгорлик тегишли рухсат олинмасдан таъмирланган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд вилоятидаги XIX – XX асрларга оид 3 та тарихий масжид бинолари бузиб ташлангани ҳамда 1 таси тегишли рухсатсиз таъмирлангани аниқланган.

Оқибатида тарихий ёдгорликларга жами 46,8 млрд сўмлик зарар етказилган.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Кушоқ ота” масжиди бузилиб, ёдгорликка 19,6 млрд сўм, Ургутдаги “Аҳмад Яссавий” ва “Ҳожи Ўринбой” масжидлари бузилиб, ёдгорликларга 17 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Кулба” архитектура ёдгорлиги рухсатсиз таъмирлангани оқибатида тарихий ёдгорликка 10,2 млрд сўмлик зарар етказилган.

Қайд этилишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид