Жамият | 12:10 / 11.03.2025
6851
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда маст ҳолда машина бошқариб, опа-сингилнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи узоқ муддатга қамалди

Бахмал туманида пиёдалар йўлагидан ўтаётган 4 ва 13 ёшли опа-сингил маст ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt уриб кетиши оқибатида воқеа жойида жон берган. Суд ҳайдовчига 3 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида икки нафар қизни уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилди

ЙТҲ 2024 йилнинг 18 ноябр куни соат 19:30 атрофида Ғаллаорол-Бахмал-Супа-Зомин йўлида содир бўлган. 33 ёшли А.О. Cobalt машинасини бошқариб келаётиб йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган пиёдалар — 13 ёшли И.М. ва 4 ёшли И.К.ни уриб юборган. Сўнгра ҳодиса жойидан яширинган. ЙТҲ оқибатида опа-сингил воқеа жойида вафот этган.

Ҳайдовчи судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини айтган. Суд ҳукми билан ҳайдовчига 3 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, етказилган моддий ва маънавий зарар учун эркакдан 145 млн сўм ундирилиши белгиланган. 

Kun.uz суриштирувида мазкур ЙТҲ гувоҳлари ҳайдовчи маст ҳолда бошқа бир автомобил билан пойга ўйнаганини, ҳодиса вақтида унинг тезлиги соатига 130 км чамасида бўлганини айтишганди. 

Пиёдалар йўлагидан ўтаётган қизларнинг ёнида яна бир бола бўлган. У машина юқори тезликда келаётганини пайқаб, олдинга ҳаракатланган ҳолда Cobalt уриб кетишидан омон қолган. 

Тоғамнинг болалари эди. Булар оилада уч фарзанд, энг кичиги қизалоқ. Дўконга бордик. Мен ичкарига кирмай, ташқарида қолдим, қайтаётганда эса уларга етолмай қолдим. Икки синглим билан укам йўлнинг ўртасига ўтиб кетишди. Укам машинани кўриб қолиб, қочишга улгурган.

Машина ўта юқори тезликда келаётганди. Кўзимни очиб-юмгунимча сингилларимни машина уриб кетди. Катта синглим ариққа тушди, кичиги дўкон томонга учиб кетди. Катта синглимни ариқ ичидан чиқариб олишга ҳаракат қилдим, кучим етмади. Кейин кичкинасининг олдига бордим, у ҳали нафас олаётганди”, деганди марҳумаларнинг қариндоши.

Қизалоқларнинг отаси ҳам 2020 йилда шу каби ЙТҲда вафот этган бўлган.

Мавзуга оид