Ўзбекистон | 12:27 / 11.03.2025
7272
1 дақиқада ўқилади

Бойсунда ЙТҲ оқибатида 8 ёшли қиз ҳалок бўлди

Қизча ўқиган мактаб жойлашган маҳаллада ота-оналар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, уларга вояга етмаган фарзандларини доим назорат қилишлари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилган. Қизчани уриб кетган ҳайдовчи билан нима бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Фото: Видеодан кадр

2025 йил 7 март куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида юк машинаси 2-синф ўқувчисини уриб юборди.

Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, 8 ёшли қиз мактабдан чиқиб, йўлни кесиб ўтаётганида 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинаси уни уриб кетган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган қиз шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат Сурхондарё вилояти ЙҲХБ масъуллари томонидан ўрганилган. Ҳудудда йўл инфратузилмаси, пиёдалар ўтиш жойлари билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, шу куннинг ўзида амалий ишлар олиб борилган.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, мактаб яқинидаги пиёдалар ўтиш жойи қавариқ (кўтарма) қилиб қайта таъмирланади.

Йўл-транспорт ҳодисаси сабаб Дарбанд маҳалласида ўтказилган йиғилишда аҳолига фарзандларини доим назорат қилишлари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Хабарда ҳайдовчи қўлга олинган-олинмагани ҳақида маълумот йўқ. 

Мавзуга оид