Жаҳон | 17:05 / 09.03.2025
10020
6 дақиқада ўқилади

Украина Покровск ва Торецк атрофида қарши ҳужумга ўтди. Бу нима билан боғлиқ?

Баҳор келиши билан Россия армиясининг Украинадаги ҳужум амалиётлари сусайди, ҳужумлар интенсивлиги ва олдинга силжиш суръати сезиларли даражада пасайди. Украина қўшинлари эса фаоллашиб, кетма-кет қарши ҳужумлар уюштирди ва йўқотилган ҳудудларнинг кичик қисмини қайтариб олди.

Фото: EPA

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Россия-Украина фронтида нималар содир бўлаётгани ҳақида қисқача шарҳ берди.

Якунланган ҳафта давомида Россия қўшинлари турли ҳудудларда, айниқса Донецк ғарбида ҳужумларни фаол давом эттирди. Великамихайловск йўналишида улар Мокрие Яли дарёси шимолига, Курахово йўналишида эса Константинопол шаҳрига ёриб ўтишга ҳаракат қилишди.

Россиянинг ҳужум амалиётлари бошқа участкаларда ҳам давом этди – Харкивдан шарқда Купянск ва шимоли-шарқда Вовчанск ҳудудларида, Донецкдан шимолда Лиман ва Северск ҳудудларида, Краматорскдан жануби-шарқда Часив Яр ҳудудида, Покровск ҳудудида, Запорижжядан жануби-шарқда Орихив ҳудудида, шунингдек, Курск областида.

Аксарият йўналишларда рус қўшинларининг олдинга силжиши куз-қиш кампаниясидагига қараганда арзимас даражада бўлмоқда. Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) 5 март кунги ҳисоботида Россия армиясининг бутун фронт чизиғидаги тасдиқланган муваффақиятларини топмади.

Шу билан бирга, кўплаб манбалар, жумладан, россияликлар ҳам Донецк ғарби ва шимолида Украина қуролли кучлари фаоллашгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Умуман олганда, жангларнинг қизғинлиги сақланиб қолмоқда, аммо жиддий натижалар йўқ.

Давомли қарши ҳужумларда Украина қўшинлари Покровскка ҳужум қилаётган Россия бўлинмаларини бироз ортга чекинтириб, ўз позицияларини тиклашга муваффақ бўлган.

Украина қуролли кучларининг қарши зарбалари географияси эътиборга молик – шаҳарнинг ғарбий (Котлино, Удачне, Новосергийивка, Успеновка ҳудудида) ва шарқий (Воздвиженка ва Водяное Второе ҳудудида) қанот чизиқлари бўйлаб, шунингдек, жанубда – Дачанское ва Шевченко қишлоқлари ҳудудида.

«5 март куни эълон қилинган геолокация кадрлари Россия қўшинлари Шевченко шарқида (Покровскдан жанубда) Украина зирҳли машиналарига зарба бераётганини кўрсатмоқда, бу эса Украина кучлари яқинда бу ҳудудда олдинга силжиганини кўрсатади», – деб ёзади ISW.

Украина қўшинлари яна бир қарши зарбани Торецкда берди. Тўлиғича Россия армияси назоратига ўтгандек кўринган шаҳар яна жанг майдонига айланди – Украина бўлинмалари шаҳарга ёриб киргани ва деярли Торецк марказида отишмалар бўлгани хабар қилинган.

Россия мудофаа вазирлиги 7 феврал куни Торецк эгаллаб олинганини эълон қилганди (Россия ҳарбий идораси маълумотларида Украинанинг бу шаҳри эски номи билан Дзержинск деб аталган). Бироқ, Украина қуролли кучлари шаҳар чеккаларини назорат қилишда давом этди ва феврал ойи охирида украин ҳарбийлари яна Торецк марказига кирди. «Медуза»нинг сўнгги ҳарбий ҳисоботида айтилишича, улар Торецкдаги рус бўлинмалари ротация қилинганидан фойдаланган. Украина ҳарбийлари таъкидлашича, Торецк ҳам Часив Яр каби РФ қўшинларининг ойлаб давом этаётган уринишларига қарамай, ҳали қуламади. Украина нашрлари март ойи бошида россиялик ҳарбий Святослав Голиковнинг телеграм-каналидаги постига иқтибос келтирган, унда Россия Мудофаа вазирлиги Торецкни «кредит»га олгани, шаҳардаги ҳақиқий вазият эса «даҳшатли ва мавҳум» экани айтилган.

«Покровск остонасида ҳаммаси жуда мураккаб, логистика издан чиқмоқда, одамлар йўқ, – деб ёзади олдинги чизиқдаги Россия қисмлари таъминоти билан шуғулланувчи россиялик ҳарбий блогер «БЧ 3». – Часив Яр яқинида бироз олдинга юрамиз, лекин ўша манзара – логистикани бузишмоқда, одамлар йўқ. Торецк бўйича ҳам шу гап – шаҳар жанглари, Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтмоқда. Барча даражадаги раҳбарларга лағмон осишда давом этамиз».

«Нега одамлар йўқ? Нима учун ҳаводаги устунлик рақибда ва бу устунлик барқарор ўсиш тенденциясига эга? Уларнинг осмонда 24/7 вақт давомида парвозда бўлувчи қанотлари, Баба-Яга дронлари, камикадзеларга 20 км масофага учиш имконини берувчи ретрансляторлари бор. Умуман олганда, бизда ҳамма нарса камтарроқ. FPV дронлар бўйича устунлик илгари 1 га 6 эди, энди янада каттароқ. Бу бизда дронлар камлигидан эмас, гарчи бу ҳам бўлса. Бизда операторлар камроқ», – деб ҳисоблайди россиялик блогер.

Украина қуролли кучларида дронлар чиндан ҳам жуда кўп ва янада кўпайиб бормоқда. Фото: EPA

«Тактик даражадаги чекланган қарши ҳужумлар»

Россия ҳужуми суръатлари пасайиши ва Украина қуролли кучлари фаоллашуви сабаблари турлича бўлиши мумкин.

Катта эҳтимол билан, бир неча ойлик узлуксиз ҳужумлардан сўнг Россия бўлинмалари ҳолдан тойган ва энди дам олиш, қайта ташкил этиш ва қайта гуруҳланишга муҳтож.

Иқлим шароитлари ҳам таъсир кўрсатади – баҳор келиши билан йўллар ёмонлашади ва об-ҳаво украинлар фойдаланаётган дронлар парвози учун қулайлашади.

Январ ойи охирида Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал Михайло Драпатий Донбассда жанг қилаётган «Ҳортица» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи раҳбари этиб тайинлангани ҳам ўз ролини ўйнаган бўлиши мумкин.

У бошқарувга келиши билан Украина қўшинлари тез-тез пассив мудофаа тактикасидан четга чиқиб, жавоб зарбалари беришни ва қарши таҳдидларни яратишни бошлади.

Покровск йўналишида – қарши ҳужум эмас, балки «тактик даражадаги чекланган қарши ҳужумлар» амалга оширилмоқда, деб тушунтиради украиналик ҳарбий журналист Богдан Мирошников.

«Душман аксарият участкаларда барибир ҳужум ҳаракатларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, улар [россияликлар] бизнинг қарши ҳужумларимизга жавоб бериш учун қайта гуруҳланишга ҳаракат қилмоқда. Аммо умумий маъно тушунарли – душман 1,5 йиллик тинимсиз ҳужумда қаттиқ чарчаган. Биз бундан эндигина фойдаланишни бошлаяпмиз», – деб ёзади у.

Мавзуга оид