Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун қайта очилди
Соат 03:00 да Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун тўлиқ қайта очилди.

Фото: Kun.uz
Кеча, 7 март куни соат 14:30 да Қамчиқ довонида қалин қор ёғгани сабабли автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлигида тегишли хизматлар билан ҳамкорликда олиб борилган зарур муҳофаза тадбирлари натижасида соат 03:00 да Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун тўлиқ қайта очилди.
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун ёпилгач, ноқулай об-ҳаво шароити вақтида йўлда қолиб кетган мингга яқин киши вақтинча турар жойларга жойлаштирилган.
ФВВ, ЙПХ ва «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ходимлари ҳамкорлигида йўлни қордан тозалаш, музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва қум-туз аралашмасини сепиш ишлари олиб борилди.
ФВВ қутқарувчилари томонидан назорат тадбирлари олиб борилиб, йўлда қолиб кетган ҳайдовчи ва уларнинг автотранспорт воситаларига ёрдам кўрсатилди.