Жаҳон | 12:26 / 06.03.2025
2572
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Россия ёнилғисидан бош тортиш режасини эълон қилишни яна кечиктирди

Янги кечикиш АҚШнинг Россия газини Германияга етказиб беришни қайта тиклашга уриниши ҳақидаги хабарлар фонида юз берди. Дастлаб Еврокомиссия 2027 йилгача Россия ёнилғисидан бутунлай воз кечишни режалаштирган эди.

Фото: Андрей Рудаков / Bloomberg

Еврокомиссия Россия энергетика ресурсларидан 2027 йилгача тўлиқ воз кечиш бўйича йўл харитаси тақдимотини иккинчи марта қолдирди, деб хабар берди Reuters 5 март, чоршанба куни. Режани эълон қилишнинг янги кечикиши АҚШнинг Россиядан Германияга қувур орқали газ етказиб беришни қайта тиклашга уринишлари ҳақидаги хабарлар фонида содир бўлди.

«Йўл харитаси» дастлаб феврал ойида тақдим этилиши режалаштирилган эди, бироқ кейинчалик 26 мартга кўчирилди. Энди у йиғилиш жадвалидан бутунлай йўқолди ва тақдимотнинг янги санаси номаълум. Бунинг сабаблари кўрсатилмаган, дея қайд этади агентлик.

Европа Иттифоқи ўз олдига 2022 йил февралида Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ортидан 2027 йилгача Россиядан қазиб олинадиган ёқилғи импортини бутунлай тўхтатишни мақсад қилиб қўйган. Ўтган йилнинг ноябрида Европа Иттифоқининг энергия бўйича янги комиссари Дан Йоргенсен ўзининг биринчи 100 кунида бу мақсадга эришиш учун босқичма-босқич режа тақдим этишини айтди.

Россия энергия манбаларидан воз кечиш

Украинадаги уруш бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи тезда Россия кўмиридан воз кечди. Россия Хитойга етказиб бериш йўналишини ўзгартиришга ҳаракат қилди, аммо жорий йил бошида саноат чуқур инқирозга учради. Хом нефт импортига эмбарго 2022 йил декабрида, нефт маҳсулотларига эса 2023 йил февралида киритилган, дея эслатади The Moscow Times рус хизмати.

Урушгача бўлган Европа Иттифоқининг жами газ импортининг 41 фоизини ташкил этган газ етказиб бериш 2023 йилнинг иккинчи чорагида 14 фоизга тушди. 2024 йилнинг учинчи чорагига келиб, Россия улуши 20 фоизгача ошди, бу биринчи навбатда суюлтирилган газ харидининг кўпайиши ҳисобига қайд этилди. Аммо январ ойидан бери Украина ўз ҳудуди орқали ёқилғи транзити бўйича шартномани узайтиришдан бош тортгани сабабли газни Европага етказиб бериш учун бешта линиядан фақат биттаси қолган.

Айрим давлатлар Европа Иттифоқини суюлтирилган газ етказиб беришни тақиқлашга чақирмоқда, бошқалари – Венгрия ва Словакия эса «Газпром» билан ҳамкорликни давом эттириш ва унинг маҳсулотларини Европа бозорига қайтариш тарафдори. Германияда, хусусан, мамлакат шарқидаги қатор саноат компаниялари Украинадаги эҳтимолий тинчлик келишуви Россиядан таъминотни қайта тиклаш имконини беради, деб умид қила бошлади. Бу электр энергиясининг юқори нархларини пасайтириш ва ўғит ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Мавзуга оид