Жаҳон | 08:33 / 06.03.2025
3838
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳамас билан гаровга олинганлар юзасидан тўғридан тўғри музокараларга киришди

Қўшма Штатлар гаровга олинган америкалик фуқароларни озод қилиш учун Ҳамас билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бормоқда, деб тасдиқлади Оқ уй матбуот котиби. Трамп гуруҳга нисбатан қаттиқ таҳдидлар билан чиқди.

Фото: AP

Оқ уй 5 март, чоршанба куни АҚШ фуқаролари бўлган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш учун Ҳамас гуруҳи билан бевосита музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади. «Америкаликлар ҳаёти хавф остида», деди Оқ уй матбуот котиби Керолин Ливитт. У музокаралар тафсилотларини ошкор қилмади ва улар ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлади. Вашингтон позициясини АҚШ президентининг гаровга олиш масалалари бўйича махсус вакили Адам Белер ифодалаяпти.

Аввалроқ Axios портали Қатарда Белер ва Ҳамас вакиллари ўртасида музокаралар бўлаётгани ҳақида хабар берган эди. Оқ уй Фаластин гуруҳи билан тўғридан тўғри музокара қилишдан олдин Исроил билан маслаҳатлашган, деди Ливитт. Исроил расмийлари буни тасдиқлади.

Исроиллик арабшунос ва сиёсатшунос Ксения Светлованинг фикрича, АҚШ ва Ҳамас ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар Исроилнинг позициясини жиддий равишда заифлаштиради.

Трамп фаластинликлар ва Ҳамасга таҳдид қилмоқда

Ливиттнинг баёнотидан кўп ўтмай, АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамас раҳбариятига нисбатан кескин таҳдидлар билан чиқди. У барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни ва ўлдирилган исроилликларнинг жасадларини топширишни талаб қилди. «Акс ҳолда сиз учун ҳаммаси тугайди», деб ёзди у Truth Social платформасида. «Мен Исроилга буни амалга ошириши учун керак бўлган ҳамма нарсани юборяпман. Агар мен айтганимни қилмасангиз, Ҳамаснинг ҳеч бир аъзоси хавфсиз бўлмайди», — деди Трамп.

АҚШ президенти Ғазо аҳолисига мурожаат қилиб: «Сизнинг келажагингиз порлоқ, аммо гаровга олинганларни ушлаб турсангиз, ўласиз» деди. У одамларни «ақлли қарор» қабул қилишга ва гаровга олинганларни озод қилишга чақирди.

Мавзуга оид