Смартфонлардан атиги 72 соат воз кечиш ҳам мия учун фойдали — тадқиқот
Олимлар смартфондан фойдаланишда қисқа танаффус мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўрганди. Тажриба натижалари ажабланарли бўлиб чиқди.

Фото: Unsplash
Олимлар аниқлашича, смартфондан атиги 72 соат воз кечиш миянинг мукофот ва ўз-ўзини назорат қилиш билан боғлиқ соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади. Бу смартфонлардан доимий фойдаланиш миянинг физиологик жараёнларини сезиларли даражада ўзгартириши мумкинлигини яна бир тасдиқлайди.
Ҳейделберг университети тадқиқотчилари профессор Роберт Кристиан Волф бошчилигида смартфондан фойдаланишда қисқа танаффус мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўрганди. Улар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, смартфонлардан мунтазам фойдаланадиган 25 нафар иштирокчи билан тажриба ўтказди. Биринчи босқичда иштирокчилар миянинг функционал МРТ текширувидан ўтди, шунингдек, смартфондан фойдаланиш одатлари, қурилмага бўлган иштиёқ даражаси ва кайфияти ҳақида маълумот берувчи сўровномаларни тўлдирди. Шундан сўнг уларга смартфонлардан фойдаланишни 72 соатга сезиларли даражада камайтириш таклиф қилинди — улар қурилмалардан фақат иш, кундалик вазифалар ва яқинлари билан боғланиш учун фойдаланиши мумкин эди.
Уч кунлик давр якунига етгач, тадқиқот иштирокчилари қайта мия сканерлашидан ўтиб, яна сўровномаларни тўлдирди. Ҳар иккала МРТ сеанси давомида уларга смартфонларнинг ўчиқ ва ёниқ ҳолатдаги тасвирлари, шунингдек, нейтрал расмлар кўрсатилди. Олимлар смартфон тасвирларига қараганда мия фаоллиги қандай ўзгарганини, бу сигналларни қайта ишлашда қайси зоналар иштирок этганини ўрганди.
Тажриба натижалари ажабланарли бўлиб чиқди. Тадқиқотдан олдинги ва кейинги сўровномалар кайфиятда ёки смартфонга бўлган мойиллик даражасида сезиларли ўзгаришларни аниқламаган бўлса-да, мияни сканерлаш бутунлай бошқача натижани кўрсатди.
Иштирокчилар 72 соат давомида гаджетлардан воз кечганидан сўнг мия олдинги белбоғ пўстлоғи ва ёндош ядросида (булар мукофотларни қайта ишлаш ва импулсив хатти-ҳаракатларни шакллантириш учун масъул бўлган соҳалар) фаоллик ошгани кузатилди. Миянинг бу ҳудудларида шунга ўхшаш фаоллик маълум моддалар ёки одатларга тобе бўлган одамларда ҳам қайд этилади.
Шу билан бирга, уч кунлик чекловдан сўнг миянинг визуал маълумотларга эътибор бериш ва қайта ишлаш учун масъул бўлган соҳаларида ёниқ смартфонларга нисбатан реакция, аксинча, пасайган. Бу шуни англатадики, қисқа танаффусдан сўнг смартфонлар мияни камроқ ўзига тортган. Шу билан бирга, мия фаолиятидаги ўзгаришлар лаззатланиш ва қарамликнинг ривожланишида асосий рол ўйнайдиган дофамин ва серотонин тизимлари билан боғлиқ бўлган.
Волфнинг сўзларига кўра, тадқиқот натижалари смартфондан қисқа муддатли воз кечиш ҳам мукофот тизими билан боғлиқ бошқа одатлардан воз кечиш каби нейрофизиологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ бундай ўзгаришлар фақат мия фаолиятига тааллуқли бўлиб, хулқ-атворга таъсир қилмайди. Балки, сезиларли психологик таъсирга эришиш учун смартфондан узоқроқ вақт фойдаланмаслик талаб этилиши мумкин.
Тавсия этамиз
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50 / 13.04.2025
Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?
Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Осиё Кубоги U-17. Ўзбекистон БААни мағлуб этиб, яримфиналга йўл олди
Спорт | 00:18
-
Трамп космик тадқиқотлар бюджетини икки баробарга қисқартиришга қарор қилди
Жаҳон | 23:45 / 13.04.2025
-
NYT: Маск департаменти АҚШ бюджети харажатларини қисқартиришдаги ўз муваффақиятини ошириб кўрсатмоқда
Жаҳон | 23:25 / 13.04.2025
-
Кремл Россия ва АҚШ музокараларидан «дарҳол натижалар» кутмасликка чақирди
Жаҳон | 22:54 / 13.04.2025
Мавзуга оид

17:30 / 29.03.2025
Мактабларда смартфонларни тақиқлашнинг ўзи етарли эмас – тадқиқот

13:35 / 27.03.2025
Олимлар инсон қандай қаришини янгича усулда ўргана бошлади

15:25 / 24.03.2025
Смартфонни алмаштириш учун оптимал муддат маълум қилинди

12:38 / 11.03.2025