Ромитанда “районо” мудири ва унинг шериклари жиноий жазога тортилди
Ромитан тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Хайрулло Зикриллаев жиноий шериклари билан иқтисодий жиноятларга қўл урган. Улар сохта маълумотлар киритилган ҳужжатлар орқали бўлимнинг катта миқдордаги пулини ўзлаштириш орқали талон-торож этишга суиқасд қилишган.

Фото: Ромитан тумани ҳокимлиги
Бухоро вилояти Ромитан тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Хайрулло Зикриллаев, “Imron Stroy Cluster” МЧЖ раҳбари Миржалол Қодиров ҳамда Ромитан спорт мактаби директори вазифасида фаолият юритган Жамшид Авезов жиноий жавобгарликка тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Миржалол Қодиров шериклари билан биргаликда 2023 йил 11 апрел куни тумандаги 4 та боғча (5, 6, 14, 9-сонли) ҳудуди атрофига темир панжара ўрнатиш бўйича жами 2,2 млрд сўмдан ортиқ, шунингдек, 2023 йил март ойида марказий спорт ўйингоҳини жорий таъмирлаш учун 291 млн сўмлик, Миришкор маҳалласи ҳудудида мини футбол ўйингоҳини қуриш учун эса 709 млн сўмлик шартномалар имзолаган.
Гуруҳ мазкур шартномаларни қасддан “Шаффоф қурилиш” дастурига киритмасдан расмийлаштириб, уларни туман ғазна бўлимидан рўйхатдан ўтказмаган. Сўнгра пудрат шартномалари асосида МЧЖ томонидан гўёки 3 млрд 220 млн сўмлик металл панжара ўрнатиш, жорий таъмирлаш ва мини футбол ўйингоҳи қуриш ишлари бажарилгани тўғрисида сохта маълумотлар киритилган далолатномаларни расмийлаштиришган. Кейин уларни имзолаб, ноқонуний ишларига қонуний тус бериш мақсадида мазкур сохта ҳужжатларни Ромитан туманлараро иқтисодий судига тақдим қилган. Шу тариқа туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан “Imron Stroy Cluster” МЧЖ фойдасига жами 3 млрд 220 млн сўм ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарорларини чиқаришга эришишган. Бу орқали эса бўлим ва мактабнинг жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишга суиқасд қилишган.
Бундан ташқари, судланувчилар ўз жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни тергов органига қасддан тақдим этмасдан яшириб, нобуд қилишган.
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг 2024 йил 13 апрелдаги ҳукмига кўра, Хайрулло Зикриллаев, Миржалол Қодиров ва Жамшид Авезов Жиноят кодексининг 25,167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга суиқасд қилиш) 3-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилган.
Хайрулло Зикриллаевга 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 110 баравари миқдорида жарима, Жамшид Авезовга 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда Миржалол Қодировга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2024 йил 4 июндаги ажрими ва Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича тафтиш инстанциясининг 2024 йил 12 сентябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Маълумот учун, 1965 йилда туғилган Хайрулло Зикриллаев 2023 йил апрелда Ромитан тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. У бунгача туман Халқ таълими бўлимига мудирлик қилиб келган.
Мавзуга оид

12:30 / 06.03.2025
Қарийб 200 млн сўмлик газни талон-торож қилган кафе эгаси ушланди

20:43 / 28.02.2025
Қўқонда банк ходимлари моддий ёрдам ва нафақа пулларини ўзлаштириб юборди

10:15 / 17.02.2025
Катта миқдордаги табиий газни талон-торож қилганлар аниқланди

16:08 / 06.02.2025