Қўқонда банк ходимлари моддий ёрдам ва нафақа пулларини ўзлаштириб юборди
Банк карталарида ҳаракатсиз турган 104 млн сўм моддий ёрдам ва нафақа пуллари ўзлаштирилгани аниқланди.

Иллюстратив фото
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида банк ходимлари моддий ёрдам ва нафақа пулларини нақдлаштириб, ўзлаштириб юборгани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд қилинишича, «Халқ банки» Қўқон универсал банк хизматлари маркази мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, компьютер техника воситаларидан фойдаланиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Хусусан, марказнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқалар олдиндан тил бириктириб, банк дастурий таъминоти марказининг икки ходимига бириктирилган логин ва парол орқали 68 нафар фуқаронинг хабарисиз ва иштирокисиз уларнинг номига банк карталарини очган. Сўнгра банк карталарида ҳаракатсиз турган 104 млн сўм моддий ёрдам ва нафақа пулларини банкоматлар орқали нақдлаштирилиб, ўзлаштириб юборган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу модда бўйича гумондорларга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид қилмоқда. Аммо етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмайди.
Мавзуга оид

11:53
Озодликдан маҳрум қилинган 20 минг киши, 4 баробарга ошган талон-торожлар – жиноятчилик статистикаси

12:30 / 06.03.2025
Қарийб 200 млн сўмлик газни талон-торож қилган кафе эгаси ушланди

16:21 / 05.03.2025
Ромитанда “районо” мудири ва унинг шериклари жиноий жазога тортилди

10:57 / 20.02.2025