Оҳангарон шаҳар ҳокими ўринбосари ишдан олинди. У қамоқдаги маҳкумнинг уйини ўзлаштириб олгани маълум бўлганди
Оҳангарон шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келган Зуфар Каримов ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинди. У 2007 йилда қамоқдаги маҳкумнинг уйини ўзлаштириб олганлик ҳолати бўйича суриштирувга жалб қилинган. 19 йил олдинги ҳолат ҳозирда Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Зуфар Каримов
2022 йил июл ойидан Оҳангарон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Каримов Зуфар Олимжонович ишдан кетди. Оҳангарон шаҳар ҳокими Музаффар Ражаббоевнинг 2025 йил 3 мартдаги қарори билан Зуфар Каримов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Қарорда Каримовнинг ишдан олинишига асос сифатида унинг аризаси ҳамда Меҳнат кодексининг 160-моддаси (ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш) келтирилган.
Зуфар Каримов аввалроқ Kun.uz суриштирувида тилга олинганди.
2007 йилда одам ўлдиришга суиқасд жиноятида айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган ҳамда 2024 йил октябр ойи охирида озодликка чиққан Рустам Қурбонов Kun.uz’га мурожаат қилиб, жазо муддатининг илк йилларида Оҳангарон шаҳридаги уйини таниши Зуфар Каримов суднинг ҳал қилув қарори билан ўз номига расмийлаштириб олганини айтганди.
Низоли хонадоннинг Рустам Қурбоновдан Зуфар Каримовга ўтиши фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон судининг 2008 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан асослантирилган. Ишни ўша пайтда фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди раиси бўлган Абдураҳмон Сафаев кўриб чиққан.
Ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Зуфар Каримов судга жавобгар Рустам Қурбоновга нисбатан Оҳангарон шаҳри 1-кичик туман 51-уйнинг 2-хонадони олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш тўғрисида даъво аризаси киритган. Судда Зуфар Каримов хонадонни 2004 йил 14 апрелда эгаси Рустам Қурбоновдан 2 минг АҚШ долларига сотиб олганини, бунга гувоҳлари борлигини, Қурбонов тилхат ёзиб берганини айтган.
Судда квартира эгаси иштирок этмаган: шов-шувли жиноят содир қилиб узоқ муддатга “кесилган” одамни “Россияга ишлаш учун кетди ва 4 йилдан бери ундан хабар бўлмади” деб расмийлаштиришган. Суд даъвони қаноатлантирган.
Ишни жамоатчиликка таниш судя, фуқаронинг уйини сохта ҳужжатлар билан ўз номига ўтказиб, сотиб юборган Наманган вилоят суди раисининг собиқ ўринбосари Абдураҳмон Сафаев кўрган.
Kun.uz суриштирувидан сўнг Бош прокуратура расмий баёнот бериб, ҳолат ўрганилаётганини, ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилганди.
Kun.uz’да Зуфаров Каримовнинг лавозимидан олинишига айнан нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот йўқ. Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов терговга қадар текширув натижалари нима бўлгани ҳақидаги сўровни жавобсиз қолдирди.
Мавзуга оид

09:33 / 24.02.2025
Оҳангарон дарёсидан қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 3,6 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди

15:22 / 18.02.2025
Товоқсойда маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этди

18:16 / 04.02.2025
“Қамоқда ўлиб кетади деб ўйлашган” – Оҳангаронда қамоқдаги маҳкумнинг уйи суд қарори билан ўзлаштириб олингани маълум бўлди

11:29 / 01.02.2025