Жамият | 09:33 / 24.02.2025
1628
1 дақиқада ўқилади

Оҳангарон дарёсидан қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 3,6 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди 

Тошкент вилояти Пискент туманида тунда ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган фуқаролар қўлга тушди.

Фото: Экология вазирлиги

Вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг хабар беришича, ҳолат Ички ишлар бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари билан биргаликда ўтказилган рейд давомида аниқланган.

Фуқаролар Пискент тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Оҳангарон дарёсининг эски ўзани бўйида юклагич ёрдамида қум-шағал аралашмаларини HOWO русумли юк машинасига ортаётган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан табиатга 3 696 204 960 сўм (уч миллиард олти юз тўқсон олти миллион икки юз тўрт минг тўққиз юз олтмиш) зарар етказилгани аниқланди ва автотранспорт воситалари Пискент туманида жойлашган жарима майдонига жойлаштирилди.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органига юборилган.

Мавзуга оид