Жамият | 14:50 / 27.02.2025
28386
7 дақиқада ўқилади

ИИБдан яна ўлик чиқди: Узундаги қотиллик иши доирасида сўроққа олиб кетилган фермер вафот этди

Сурхондарёда бир оиланинг уч аъзоси ўлдириб кетилган қотиллик жинояти тергови жараёнида шу ҳудуддаги кўплаб эркаклар сўроқ учун Узун тумани ИИБ биносига олиб борилган. Шулар қаторида бўлган 50 ёшли фермер ҳам ходимлар томонидан уйидан олиб кетилган. У ИИБ биносида 2 кун сақланган ва 25 феврал куни «юрак хуружидан» вафот этган. Марҳумнинг яқинлари танада қийноқ излари борлигини, жиноятни унинг бўйнига қўймоқчи бўлган бўлишлари мумкинлигини айтмоқда.

Жорий йил 15 феврал куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида мудҳиш қотиллик юз бергани хабар қилинган эди: номаълум шахслар она ва унинг икки фарзандини ўлдириб, жиноятни яшириш учун уйига ўт қўйган. 10 кундан кўпроқ вақт ўтганига қарамай тезкор-тергов гуруҳи жиноятчиларни фош этолгани йўқ.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра, тергов доирасида олиб кетилган 50 ёшли фуқаро Тоҳир Ҳайитов ИИБ биносида вафот этган.

Яқинларининг Kun.uzʼга маълум қилишича, марҳум қотиллик содир бўлган маҳаллада яшаган ва тумандаги «Абдусалим Барлос» фермер хўжалиги раҳбари бўлган. ИИБ ходимлари Узундаги қотиллик иши юзасидан маҳалладаги барча эркаклар қатори Тоҳир Ҳайитовни ҳам сўроқ учун яшаб турган уйидан олиб чиқиб кетган.

«Уйимизни тинтув қилиб, дадамизни олиб кетишди. Кўпчиликни 3-4 соатда сўроқ қилиб қўйиб юборишди. Лекин дадамни 2 кун ушлаб туришди, тергов бўляпти деб олдига киргизишмади. Эртаси куни – 25 феврал эрталабда олдига борсак, юрак хуружи бўлиб ўлиб қолди, дейишди. Дадам касал эмасди, юрак билан боғлиқ ҳеч қандай муаммоси йўқ эди.

Жасадни экспертиза қилишга бизни киритишмади ҳам, хабаримиз ҳам бўлмади. Ким бундай қилган, нега? Ҳеч ким изоҳ бермаяпти. Дадамнинг қўлларида, юзида ва танасида кўкарган излар бор. Қийноқ қўлланган ва жиноятни дадамнинг бўйнига қўймоқчи бўлишган деб ўйлаяпмиз. Дадам ИИБ биносида ўлиб қолган.

Шу кунларда жиноятни тергов қилишда республика ишчи гуруҳидан келганлар ҳам қатнашган экан. Дадамнинг жасадини сўраганимизда ИИБ ходимлари бошқа туман ўликхонасида, деди. Лекин у ерда эмас экан. Биз топиб беринглар, деганимиздан кейин туман ҳокими келиб, ёнимиздаги ўликхонада эканини айтди», - дейди марҳумнинг ўғли.

Ҳайитов Тоҳирнинг вафот этгани ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларда ҳам унга нисбатан қийноқлар қўллангани айтилади.

«Ҳар доимгидек, ички ишлар ходимлари унинг ўлими соғлиғидаги муаммолар билан боғлиқлигини айтиб, ўзларини оқлашга уринган. Аммо маълумотларга кўра, Тоҳир Ҳайитов ҳибсхонада 3 кун давомида қаттиқ қийноққа солинган. У шу ҳақда қариндошларига телефон орқали хабар бериб, ёрдам сўрашга ҳам улгурган. Лекин қариндошлар у билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун таниш-билиш излаган пайтда, суриштирув жараёни давомида вафот этган» - дейилади хабарда.

Kun.uz ишни ўрганиш давомида марҳум Тоҳир Ҳайитовга нисбатан 24 феврал куни ЖИБ Узун туман суди судяси А.Алиқулов томонидан чиқарилган қарорни қўлга киритди. Суд ҳужжатига кўра, марҳумга ўлимидан бир кун олдин «навбатчи» модда – МЖтК 183-моддаси (майда безорилик) қўйилган ва 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Лекин суд қарорининг ўзида бир қанча чалкашликлар бор.

Хусусан, марҳумнинг яқинлари «23 феврал куни ИИБ ходимлари уйни тинтув қилиб, Тоҳир Ҳайитовни олиб кетгани»ни айтган бўлса, суд қарорида фуқаро Наврўз маҳалласида ким биландир жанжаллашгани ёзилган.

Тоҳир Ҳайитовга нисбатан чиқарилган суд қарори

Суд қарорида Тоҳир Ҳайитов Наврўз маҳалла идорасида Ў.Қорабоева билан ўзаро тортишиб, жамоат жойида уни уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани ёзилган.

Қарорнинг давомида эса жабрланувчининг исм-фамилияси «М.Жўраева»га алмашиб қолган. Бундан ташқари, суд қарорида айтилган «ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси» нималиги ҳам очиқланмаган. Тоҳир Ҳайитовнинг яқинларига суд бўлгани ва уларнинг асосий боқувчиси 6 суткага қамалгани ҳақида хабар ҳам берилмаган.

2025 йил 24 феврал куни соат 18:00 да – «жазони ўташ муддати» бошланган. 25 феврал куни эрталабда эса фуқаро вафот этган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. ИИВ расмийси ҳолат юзасидан «прокуратура маълумот бериши мумкин»лигини айтиш билан чекланди.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов эса Kun.uz сўровини жавобсиз қолдирди.

Таҳририят ихтиёрида Тоҳир Ҳайитовнинг ўлими юзасидан тайёрланган махсус ахборот мавжуд. Унда «суд қарори билан айбли деб топилиб, 6 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўташ учун Термиз шаҳридаги маъмурий қамоқхонага олиб борилаётган вақтда йўлда соғлиги ёмонлашгани сабабли Сариосиё туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганида унинг вафот этгани маълум бўлган» деб ёзилади.

Маъмурий қамоқ – классик усул

Тергов тезкор гуруҳи очилмаган жиноятни фош этишда шубҳали шахсларни ИИБ биносига олиб кириб олиш учун маъмурий қамоқ амалиётини қўллаб келади. Бунда шубҳа остига олинган шахсга МЖтКнинг майда безорилик, ҳақорат ёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик каби айбловлар «илинади». Шахс унга қўйилган айбловни содир этган-этмагани аҳамияти йўқ: судлар ўз вазифасини «қойиллатиб» ижро қилиб беради.

Масалан, Президент администрацияси собиқ амалдори Комил Алламжоновга суиқасд содир этилган вақтда унинг 7 нафар ходими (қўриқчи, ҳайдовчи, ошпаз ва ҳ.к.) «ички ишлар ходими талабига бўйсунмагани» учун 15 сутка маъмурий қамоққа тиқилади. Ушбу шахсларга оид иш Олий судда кўриб чиқилади ва 15 суткага тортилганларнинг барчаси оқланади.

Мавзуга оид