Иқтисодиёт | 09:24 / 27.02.2025
4946
2 дақиқада ўқилади

Газ ва электрдан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида 98 млрд сўм зарар етказилди 

Ўзбекистонда жорий йилда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлат манфаатларига 98 млрд сўм зарар етказилди. 

Фото: Kun.uz

“Ўзэнергоинспекция” ўтказган назорат тадбирларида 358 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Унга кўра 25,4 млн метр куб табиий газ (62,2 млрд сўм) ва 29,4 млн киловатт-соат электр энергиясидан (35,8 млрд сўм) ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 98,1 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди. 

Ўтказилган назорат тадбирларида миқдори 370,8 тонна қиймати 6,3 млрд сўмлик нефт маҳсулотларидан белгиланган талабларга зид равшда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 342 та маъмурий иш расмийлаштирилди. 

Хусусан, ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатларнинг 142 таси электр энергияси, 200 таси эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилгани маълум бўлди.

Шунингдек, энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларида инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан 37 та бригаданинг иш фаолияти ўрганилди. Ташкилий ва техник тадбирларни бажармасдан, хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя қилмаган 16 та бригада ишдан четлаштирилди. 
 
Инспекция томонидан истеъмолчиларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича умумий қуввати 214 мВт бўлган жами 1 минг 55 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Унга кўра, 733 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланишига рухсат берилди.

Мавзуга оид