Жаҳон | 13:30 / 26.02.2025
2894
2 дақиқада ўқилади

Исроил Сурия жанубидаги нишонларга авиазарбалар берди

Исроил Мудофаа вазирлиги Сурия жанубидаги ҳарбий объектларга зарбалар берилгани ҳақида хабар қилди. ОАВ хабарларига кўра, Дамашқ чеккаси ва Дара вилояти ҳужумга учраган.

Фото: Pavel Nemecek/CTK/picture alliance

26 феврал, чоршанбага ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия ҳудудига зарбалар берди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги хабар қилиб, ҳужумлар мамлакат жанубидаги ҳарбий нишонларга, жумладан, жангчилар штаб-квартираси ва қурол-яроғ омборларига қарши қаратилганини кўрсатди.

«(Исроил) ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия жанубини тинчлантириш бўйича биз белгилаган янги сиёсат доирасида Сурия жанубига кучли зарбалар бермоқда – ва бу хабар аниқ: биз Сурия жанубининг Ливан жанубига айланишига йўл қўймаймиз», — деди Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг матбуот котиби.

«Сурия режими кучлари ва мамлакатдаги террорчи ташкилотларнинг Сурия жанубидаги хавфсизлик зонасида ўз позициясини ўрнатишга бўлган ҳар қандай уриниши олов билан кутиб олинади», — дея қўшимча қилди у.

Reuters агентлигининг маҳаллий аҳоли, хавфсизлик манбалари ва маҳаллий Сурия телеканалига таяниб хабар беришича, 26 февралга ўтар кечаси Исроил мамлакат пойтахти Дамашқдан 20 км жанубда жойлашган Кисве шаҳрига, шунингдек, Сурия жанубидаги Дара вилоятига ҳужум қилган. Маҳаллий аҳолига таяниб, Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, шаҳар устидан учаётган самолётлар ва бир неча портлашлар Дамашқнинг ўзида ҳам эшитилган.

Исроил қўшинларининг Сурияга киритилиши 

Қайд этилишича, Сурия аввалроқ Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) мамлакат жанубига киришини қоралаган ва бу қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилган. 2024 йил декабрида, Сурияда Башар Асад режими қулаганидан сўнг, Исроил қуруқликдаги кучлари 1973 йилдаги урушдан кейин биринчи марта қуролсизлантирилган чегара зонасини кесиб ўтиб, Сурия ҳудудига очиқ кирди.

23 феврал куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу унинг мамлакати Асадни ағдарган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи ва унга алоқадор ҳар қандай кучларнинг Сурия жанубида бўлишига тоқат қилмаслигини айтди ва ҳудудни қуролсизлантиришни талаб қилди.

Мавзуга оид