Жаҳон | 14:14 / 26.02.2025
3853
2 дақиқада ўқилади

Чилида бутун мамлакат бўйлаб блэкаут юз берди

Чилида электр таъминотида узилишлар пойтахт ва тоғ-кон саноатига алоқадор минтақаларга таъсир қилди. Ички ишлар вазирлиги фавқулодда ҳолатга мамлакат шимолидаги электр узатиш линиясининг узилиши сабаб бўлганини келтирмоқда.

Фото: Reuters

Чилининг катта қисми 25 феврал, сешанба куни электр энергиясининг катта узилишига дуч келди, дея хабар бермоқда жаҳон агентликлари. Reuters маълумотларига кўра, айниқса, мамлакат пойтахти Сантяго ва тоғ-кон ҳудудлари зарар кўрган.

Dpa агентлигининг Чили ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлигига таяниб аниқлик киритишича, гап шимолдаги Арика шаҳридан мамлакат жанубидаги Пуэрто-Монт шаҳригача бўлган ҳудуд ҳақида кетяпти. Маҳаллий La Tercera газетасининг хабар беришича, Чилидаги уй хўжаликларининг қарийб 80 фоизи электр таъминотисиз қолган. 26 февралга ўтар кечаси (маҳаллий вақт билан) Чилида блэкаут сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди, Сантягода комендантлик соати жорий этилди.

Reuters агентлигининг ўз мухбирига таяниб хабар беришича, Сантягода блэкаут фонида кўча чироқлари ўчган ва метро ишламай қолган. Агентликка исми ошкор этилмаган манбанинг айтишича, дунёдаги энг йирик мис рудаси кони - Эскондидада ҳам қувват йўқолган. Ўз навбатида, Codelco мис қазиб олувчи давлат компанияси унинг барча конлари блэкаутдан зарар кўрганини билдирди.

Чили фуқаролик авиацияси бошқармаси DGAC маълумотларига кўра, блэкаут Артуро Мерино халқаро аэропорти фаолиятига таъсир қилмаган, аммо LATAM Airlines баъзи рейсларга таъсир қилиши мумкинлигини айтди.

Чили ички ишлар вазири Каролина Тоанинг сўзларига кўра, ҳодисага мамлакат шимолидаги электр тармоғидаги носозлик сабаб бўлган. У киберҳужумни истисно қилди. Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, электр таъминоти «яқин соатларда» тикланиши керак.

Мавзуга оид