Жаҳон | 12:06 / 25.02.2025
18079
8 дақиқада ўқилади

«Бу музокара эмас, товламачилик». АҚШ Украинага табиий ресурслар бўйича келишувнинг учта вариантини таклиф қилган

Охиргиси – «ҳалокатли», деб ёзади The Economist.

Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA

Фойдали қазилмалар бўйича келишув тузиш бўйича музокаралар бошланганидан бери Вашингтон Киевга битимнинг учта вариантини таклиф қилди: «ёмон», «[таклиф этилганлардан] энг яхшиси», шунингдек, «ҳалокатли», дейилади The Economist журнали мақоласида. Нашр келишувни «Украина рад эта олмайдиган таклиф» деб атаган.

The Economist журналистларининг Украинадаги манбаларига кўра, битим ғояси Украина томонида 2024 йил сентябр ойида пайдо бўлган. Ўшанда Украина президенти Володимир Зеленский келажакда хавфсизликни таъминлашда ёрдам бериш ва НАТОга таклиф қилиш эвазига АҚШга фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи берилишини таклиф қилганди. Аммо АҚШ президенти Доналд Трамп бу ғоянинг оёғини осмондан қилиб, Вашингтон аллақачон Киевга кўрсатган ёрдам эвазига компенсация сифатида Украина ресурслари ва инфратузилмасини талаб қилмоқда.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, музокаралар бошланганидан бери Украина расмийлари АҚШдан бир-бирининг ўрнига келган учта музокарачилар гуруҳи билан учрашган, уларнинг ҳар бири келишув бўйича ўз версиясини илгари сурган.

Хусусан, 12 феврал куни АҚШ Молия вазирлиги раҳбари Скотт Бессент Зеленскийга битимнинг биринчи, «ёмон» вариантини тақдим этди. Financial Times маълумотларига кўра, америкалик вазир Украина президентидан «ҳозирнинг ўзида» табиий ресурслар ҳисобидан АҚШга 500 миллиард доллар товон тўлаш шарти билан келишув имзолашни талаб қилган. Нашр мақоласида айтилишича, Зеленский Бессент билан музокаралар вақтида «қаттиқ ғазабланган».

Келишувнинг иккинчи варианти – «[таклиф этилганлардан] энг яхшиси»ни – Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог ва АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина томонига тақдим этган. The Economist маълумотига кўра, биринчи версия сингари иккинчисида ҳам АҚШ томонидан қазиб олинган ресурсларни ҳимоя қилиш бандидан ташқари, Украинага мудофаа соҳасида ёрдам бериш ваъдалари йўқ эди. Аммо, Украина ҳукуматидаги манбанинг таъкидлашича, иккинчи версияда «буни хаёлий қарзни тўлаш сифатида кўрсатишга аниқ уриниш бўлмаган».

Иккинчи вариантга жавобан Украина қарши таклиф билан чиққан, The Economist материалида унинг моҳияти очиб берилмаган. Бироқ, 20 феврал куни Киев келишувнинг учинчи, «ҳалокатли» версиясидан «ҳайратда қолади», бу вариант АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник томонидан ишлаб чиқилган. «Украинага аввалги барча музокараларни унутиш ва кичик фойда эвазига ресурсларни топшириш фикрига кўникиш кераклиги айтилди. Рози бўлинг ёки кетинг – ва урушда мағлуб бўлинг», – деб ёзади The Economist.

Бу версияга кўра, АҚШ Украинадан табиий ресурслар ва инфратузилма, жумладан, портлардан келадиган келажакдаги давлат даромадларининг 50 фоизини АҚШ ҳукуматига тегишли янги инвестиция фондига ўтказишни талаб қилмоқда. Ушбу фондга бадаллар фонднинг жами суммаси 500 миллиард долларга етгунга қадар давом этади. «[Бу сумма] Трампнинг уруш бошланганидан бери Америка Украинага ёрдам бериш учун қанча сарфлагани ҳақидаги жуда бўрттирилган баёнотларига мос келади. Давлат даромадларининг ҳозирги даражасида бу юзлаб йиллар давом этади», – дея таъкидлайди The Economist. Нашр билан суҳбатлашган украиналик мулозимлардан бири шундай деди: «Агар биз буни ҳозирги кўринишда имзоласак, эртага бизни офисдан ҳайдаб чиқаришади ва ғазабланган оломон бизни тошбўрон қилади».

Нашрнинг Украинадаги манбалари келишув бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини рад этмоқда. Бироқ, уларнинг сўзларига кўра, учта музокара гуруҳидан қайси бири билан гаплашиш кераклиги ҳар доим ҳам аниқ эмас. АҚШ Молия вазирлиги музокаралар учун масъуллигини таъкидлади, ҳатто Киевга Латник келишувининг версияси тақдим этилганида ҳам. Умуман олганда, Украина расмийларига кўра, Украина вакилларининг Трамп жамоаси билан учрашувлари шу қадар чалкашиб кетганки, улар АҚШ президенти билан музокаралар олиб бориш услуби ҳақида маълумот излаб, ҳужжатли филмларни томоша қила бошлаган.

Шу билан бирга, украинлар сўнгги таклифни қабул қилишса, бу Вэнс билан орани ёмонлаштиришидан хавотирда. Улар АҚШ вице-президенти ва Трампнинг махсус вакили Келлог тақдим этган «адолатлироқ» битим лойиҳасига қайтишни афзал кўришади. «Ўшанда бизда ҳақиқий, самарали музокаралар бўлиб ўтган ва биз келишув томон ҳаракат қилгандик», – деган журналистларнинг украиналик суҳбатдошлари.

The Economist нашрининг украин манбаларига кўра, келишувнинг «ҳалокатли» версияси Киевга битимнинг олдинги вариантларини рад этгани учун «жазо сифатида» таклиф қилинган. «У [Трамп] Вэнс ва Келлог билан келиша олмаганимизни кўриши биланоқ, ҳиссиётга берилмайдиган, фақат рақамлар билан ишлайдиган жуда юқори мартабали йигитни юборди», – деди журналистларнинг Украинадаги суҳбатдошларидан бири. Унинг сўзларига кўра, Украина томонига ҳомийлик оҳангида яширин таҳдидлар билдирилган: «Америкаликлар шундай дейишди: бу дўстона келишув. Биз сизга ғамхўрлик қиламиз, ахир сиз муаммоларни хоҳламайсиз».

Украина ва АҚШ ўртасидаги келишув бўйича музокаралардаги яна бир муаммо шундаки, қўшма инвестиция фондининг мақсадлари ҳали ҳам аниқ эмас, деб ёзади The Economist. Биринчи версияда фонд фақат Украина ресурсларни қазиб олишдан олинган давлат даромадларига даъво қилади ва мамлакатнинг урушдан кейинги узоқ муддатли тикланишини молиялаштиради. Битимнинг учинчи қоралама нусхасида эса, АҚШ активларга ҳам, инвестицияларга ҳам эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи экани кўрсатилган, бу эса инвестиция келишувидан кўра кўпроқ эгаллаб олишга ўхшайди.

23 феврал куни Зеленский Украина АҚШдан 500 миллиард доллар қарздор бўлиши ҳақидаги келишувни имзоламаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у Вашингтоннинг Киевга ёрдамини қарз деб ҳисобламайди. Украина президенти, шунингдек, томонлар АҚШ билан музокараларда олдинга силжиётгани ва келишув 500 миллиардлик шартни ўз ичига олмаслигини таъкидлади.

The Economist маълумотига кўра, келишув параметрлари муҳокамаси давом этмоқда. Украина расмийларидан бири нашр билан суҳбатда бу «музокаралар эмас, балки товламачилик» эканини таъкидлади. Бошқа бир мулозим эса уларни «қўпол» деб атади, лекин шундай қўшимча қилди: «Бу бўлиши мумкин бўлган энг ёмон нарса эмас». «Кейинчалик содир бўладиганларнинг барчаси бундан ёмонроқ бўлади», – деган манба.

Киевда келишув лойиҳасини имзолашдан яна бир бор бош тортишганига жавобан АҚШ Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашдан маҳрум қилишга, Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан узиб қўйишга ёки Владимир Путин билан икки томонлама музокараларни тезлаштиришга уриниши мумкинлигидан хавотирлар кучаймоқда.

Украина ва АҚШ табиий ресурслар бўйича келишув бўйича музокараларнинг якуний босқичида, деди 24 феврал куни Украина бош вазири ўринбосари Олга Стефанишина. Унинг сўзларига кўра, музокаралар «жуда конструктив бўлган» ва «деярли барча асосий жиҳатлар аллақачон келишиб олинган». «Биз келишув имзолашга ўтиш учун уларни имкон қадар тезроқ якунлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Умид қиламизки, АҚШ ва Украина етакчилари уни Вашингтонда имкон қадар тезроқ имзолаб, тасдиқлаб, ўнлаб йиллар олдиндаги мажбуриятларимизни намойиш этишади», – дея қўшимча қилди Стефанишина.

Мавзуга оид