Ўзбекистон | 19:56 / 25.02.2025
27667
9 дақиқада ўқилади

“Бошқа жойга кўчишни ўйлаяпмиз” – пойтахтликлар носоғлом ҳаво билан қандай курашяпти?

Баҳор келишига оз қолди. Сўнгги 4-5 ойдаги носоғлом ҳаволи кунларни тошкентликлар қандай ўтказди, тоза ҳаво учун қандай усулларни синаб кўрди ва қаерларга борди? 2023 йилда пойтахтликлар 65 кун носоғлом ва зарарли ҳаводан нафас олганди. Иситишда кўмир ва мазутдан фойдаланиш давом этгани ҳисобга олинса, жорий қиш мавсумида ҳам зарарли ҳаволи кунлар кам бўлмаяпти (аниқ статистикалар эълон қилинмаган). Хўш, аҳоли ифлос ҳаво билан қандай курашяпти?

Ҳаво тозалагич оммалашяпти

Расмий статистикаларсиз ҳам айтиш мумкинки, охирги 2 йилда пойтахтликлар уйида, ишхонасида, дўконларда ҳаво тозалагичлардан фойдаланиши ортган. Турли ижтимоий тармоқларда ўтказилган кичик сўровномалардан ҳам аҳоли айниқса 2024-2025 йилда кўпроқ ҳаво филтрлагичлардан фойдалангани ойдинлашади.

Жумладан, X (Twitter) тармоғи фойдаланувчиларидан ишхона ёки уйда ҳаво тозалагич ва намлантиргичлардан қанча пайтдан бери фойдаланишаётгани сўралган. Жавоблар қуйидагича бўлган:

– Mi4 Lite ҳаво тозалагич ишлатаман. Биринчи ёққанимда PM2,5 даражаси хона ичида 260 [индекс қийматда] эди. Уй ҳар куни қуруқ ва нам тозаланса ҳам, 15 дақиқада 4-5 га тушириб берди. Дераза ёки эшикни очсам, яна кўтарилишни бошлайди. Шундан кейин уйқу яхшиланди. Бурун битиши кетди.

– 4 йилдан бери намлантиргич ишлатаман, нафас олиш анча енгил ва уйқу сифатли, энди ҳаво тозалагич олмоқчиман.

– Polaris PUX-1010 2 йилдан бери ҳозирча яхши ишлаяпти, бошқаруви жуда қулай, ҳаво тозалагич олиш режада бор, шу фирманикини олмоқчиман.

– Ўзбекистондалигимизда ишлатардик. Жуда қимматини АҚШдан келтириб, тилим куйган Woltage тўғри келмай, 3 кунда бузилган. Ҳозир Xiaomi Air Cleaner Smart турибди уйда. Сифати сезилади, кун давомида ишлаб турса, аллергия ва аксириш камаяди, уйқу сифати ортади.

– Октябрда олдим. Фойдаси йўқ деб ўйлагандим. Лекин болаларимнинг йўтали қолди. 1 ҳафта ишлатмаганимдан кейин болалар йўталишни бошлашди. Балки тасодифдир.

– Xiaomi air purifier 4 lite ишлатамиз, пулига 100 фоиз арзийди. Ойнани очишингизга фарқ яққол сезилади. Ҳозир аниқ айтоламан, уйқу сифати анча яхшиланди.

– Хонамга Xiaomi air purifier 4 compast олганман, ойнани очишим билан ишлаши тезлашиб кетади ҳавода хавфли заррачалар кўпайганидан.

Facebook’да ҳам тармоқ фойдаланувчилари хонада турли ҳаво тозалагичлардан 1 йилдан ошиқ вақт давомида фойдаланиб келишаётгани ва унинг фойдасини сезишаётганини ёзишган.

Instagramʼда эса тармоқ фойдаланувчиси ўзи ишлатаётган ҳаво тозалагич қанча чанг йиғганини видеога олиб жойлаган.

“Уйда турадиган ҳаво тозалагич, ҳар 3 ойда алмаштираман. Чанг даҳшат йиғилган. Шу ҳолатда ҳам кун ора уйни намлаб, артиб чиқилади. Оддий бўлса ҳам уйда ҳаво тозалагич қўйинглар”, – деган у.

Аквариум, сув ва гуллар

Умуман олганда тармоқ фойдаланувчилари хонада сув, гуллар ва аквариум қўйиш орқали ҳам ҳавони нисбатан тозароқ сақлашга уринишаётганини ёзишган.

“Уйда доим усти очиқ аквариум бўлган, шу уйни намлантириб туради, деразалар кам очилади, шунинг учун фойдаси катта, намланмайдиган уйда турсам томоғим қуриб қолади”, – деган бир фойдаланувчи.

“Биз уйдаги ҳавони тозалаш учун ойналарни очиб қўямиз. Ҳавони намлантириш учун обогревател ёнига ёки батареянинг устига косада сув қўйиб қўямиз”, – деган яна бир ватандош.

Бошқа бир фойдаланувчи эса хона ҳавосини тозалаш учун гуллар парвариш қилишини айтган.

Ҳаво билан боғлиқ вазият Тошкентда қандай?

Тошкент шаҳрида ҳаво сифати 2023 йилдан бери ёмонлашган. Бу ҳақида батафсил таҳлилни иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов тақдимот қилиб берганди. Унда шамол коридорларининг қурилишлар билан тўсилиши, Қозоғистондан кириб келаётган чанг массалари, иситиш тизимларида кўмирдан фойдаланиш кабилар 2023 йилда пойтахтликларни 65 кун носоғлом ва заҳарли ҳаводан нафас олишга мажбур қилгани ҳақида сўз борган.

Ифлосланишнинг 36 фоизи Қозоғистон ва бошқа ҳудудлардан кириб келадиган табиий, 6 фоизи қурилиш ва саноат корхоналаридан чиқаётган чанг, 16 фоизи автомобил секторига тўғри келган.

Шунингдек, ифлосланишнинг яна бир йирик манбаси – 28 фоизи қишда иссиқлик марказлари ва иссиқлик станцияларига тўғри келган. 13 фоизи эса оғир саноат ва енгил саноатдан чиқадиган чанглар саналади.

“Оилавий тез-тез тоғга чиқиб турамиз”

Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларига саёҳат қилувчилар кўпайиб қолган. Агар сиз Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларига камида 10 йилдан бери ҳар мавсумда 1 марта бориб турувчилардан бўлсангиз, буни сезмаслигингиз қийин. Албатта, бу ички туризмнинг ривожланаётганига кўпроқ боғлиқ. Бироқ Тошкентда оиласи билан яшовчи тоғ саёҳатини яхши кўрувчи Мавжуда Ҳотамова кузатишлари бошқа бир сабабни ҳам ўртага ташлайди. Унинг Kun.uz мухбирига айтишича, Ҳотамова деярли ҳар ҳафта оиласи, болалари билан тоғга чиқиб туради. У охирги 2 йилда шаҳар ҳавосининг бузилиши тоғ саёҳатлари сонини кўпайтирганини айтади.

“Ҳар ҳафта чиқиб келишга ҳаракат қиламан. Жуда узоқ бўлиб кетса, 2 ҳафтада бир бораман. Болаларим билан 2-4 соат ўтириб, кейин қайтамиз. Олдинлари шунчаки, шаҳар шовқинидан узоқ бўлиб, ҳордиқ чиқариш учун борган бўлсак, мана, охирги 2 йилда тоза ҳавоси учун борадиган бўлиб қолдик”, – дейди у.

Аёл ҳар борганда одамларни кузатади, улар билан гаплашишни яхши кўради. У биз билан ўз кузатувларини ҳам бўлишди. “Одамлар шунчаки нафас олиш учун ҳам тоғга боришганини кўраман. Баъзида Оқтошга чиққанимизда шундай ота-оналарни ҳам учратдим: болаларининг йўтали тўхтамагани, антибиотиклар таъсир қилмагани учун ҳам тоғга олиб келганини айтишади. Тоза ҳаводан нафас олиб қайтишса, кейин йўтали пасайган, камайган. Бундайларни кўп учратдим”, – дейди у.

Kun.uz олдинроқ пойтахтда ҳаво ёмонлашиши ёш болаларга қандай таъсир қилаётгани ҳақида материал эълон қилган эди. Унда 4 ёшгача бола парвариш қилаётган оналар ўз фикрларини билдирган. Улар пойтахтда ҳаво таркиби ёмонлаша бошлаган даврларда боласида респиратор касалликлар тез-тез такрорланиб туришини кузатаётганларини айтишганди. Ҳаво ифлосланиши ва инфекциялар юқиши ўртасида боғлиқлик борлиги тадқиқотларда ҳам маълум бўлган.

Мавжуда Ҳотамова тоғ ҳавоси ўзига жуда яхши таъсир қилишини ва бу саёҳатларини доимий давом эттириш нияти борлигини ҳам айтади.

“Ўзим уйқусизликдан қийналаман. Кўп ухласам ҳам, эрталаб дам олиб, тиниқиб турмайман. Лекин тоғга 2 соат бориб келсам, ўша куни жуда тиниқиб ухлайман. Шунчаки шаҳардан чиқишнинг ўзида ҳам тоза ҳавони дарров ўпкангизда ҳис қиласиз”, – деди у.

“Шаҳар чеккароғига кўчиб ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз”

Тоғ саёҳатини яхши кўрадиган Фаррух Абдусатторов ҳам тоғга тез-тез чиқиб туради. У ҳам оиласи, яқинлари, дўстлари билан асосан кислород учун боришини айтади.

“Тоғ ҳавоси, албатта, тоза ва енгил. Тўйиб нафас оласиз, кислород кўп бўлганидан мия "очилгандек" бўлади. Дам олиш учун тунаб қолсангиз, эрталаб чарчоқ ҳис қилмасдан, бош оғримасдан, осон тура оласиз. Шаҳарда эса акси, эрталаб оғир турасиз, кўп ухласангиз ҳам чарчоқ бўлади”, – дейди у.

Абдусатторов шаҳар ҳавоси ёмонлашуви уни тоғга тез-тез боришдан кўра, шаҳар чеккароғига кўчиб ўтишга мажбурлаётганини айтди.

“Чунки ёмон ҳаво бизга катта таъсир қилмаса ҳам, ўсаётган болалар учун, ривожланаётган танаси учун анча зарарли. Тоза ҳаво кайфиятга, иш самарадорлигига ҳам ижобий таъсир қилади”, – деди у.

Огоҳлантиришсиз қолган аҳоли

Шуни алоҳида айтиш керакки, IQAir платформасида ҳаво ифлосланганда нималар қилиш кераклиги ҳақида тавсиялар кўриниб туради. Платформа кўчага чиққанда ниқоб тақиш кераклигини энг кўп эслатади. Бироқ шаҳарда ҳаво ифлосланганда кўча-кўйда ниқоб таққанлар деярли кўринмайди. Чунки аҳоли ифлос ҳаво уларга қанчалик ёмон таъсир қилиши ҳақида чуқур тасаввурга эга эмас. Бу тасаввурни эса масъул ташкилотлар, жумладан, Экология вазирлиги, ССВ ва Санэпидқўмита шакллантириши керак эди. Бироқ бунга ҳеч кимнинг боши қотгани йўқ. Коронавирус пандемияси давридаги мажбурий ниқоб тартиби эсга олинса, ифлос ҳаводан узоқ нафас олишнинг ҳам оқибатлари вирусли инфекцияларникидан кам бўлмайди. Бунинг оқибатлари билан йиллар давомида курашишга тўғри келади. Бу — қўшимча маблағ, вақт; ҳаёт, иш сифати пасайиши мумкин деган гап.

Сиз-чи, тоза ҳаво учун нималар қилдингиз, ҳаво ифлосланиши ҳаёт тарзингизга қандай таъсир қилди? Бу ҳақда фикрларингиз бўлса, Telegram’даги @kunuzmurojaat манзилига ёзиб қолдиринг. Таҳририят сизнинг фикрларингизни қадрлайди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Мавзуга оид