Жаҳон | 16:31 / 24.02.2025
5667
2 дақиқада ўқилади

Хитойда компания бўйдоқ ходимларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди

Компаниянинг ғайриоддий сиёсати маҳаллий ҳукумат эътиборини тортди.

Фото: The New York Times

Хитойдаги Shuntian Chemical Group компанияси ёлғиз ва ажрашган ходимларидан 2025 йил сентябр ойи охиригача турмуш қуришни талаб қилиб, акс ҳолда улар ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирди. Қоида 28-58 ёшдаги барча ишчиларга тааллуқли экани айтилди, деб ёзади South China Morning Post.

Компания ташаббусига кўра, март ойининг охиригача уйланмаган ёки турмушга чиқмаган ходимлар ўзларини танқид қилган ҳолда очиқ хат ёзиши керак бўлади. Агар шундан сўнг ҳам оила қурмаса, компания уларнинг фаолиятини баҳолайди ва келажакда ишдан бўшатиш чораларини кўради.

Компаниянинг ғайриоддий сиёсатига маҳаллий кадрлар ресурслари ва кадрлар таъминоти бюроси эътибор қаратди. Ҳокимият органлари бундай талаб Хитой Халқ Республикаси меҳнат қонунчилигини бузаётганини таъкидлади. Ташкилот эса, аксинча, “давлат манфаатлари йўлида” иш юритаётганини билдирди, аммо охир-оқибат қоидани бекор қилишга мажбур бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Хитойда никоҳлар сони 6,1 миллионга тушиб кетди. Бу 2023 йилга нисбатан 20,5 фоиз кам. Ёшларнинг турмуш қуришга қизиқиши йўқлиги сабаб ҳатто баъзи ҳудудларда ҳокимият тўйни рағбатлантиришга мажбур бўлди. Масалан, Шанси провинциясида янги турмуш қурган жуфтликларга 200 доллардан пул берилмоқда.

Мавзуга оид