Жаҳон | 13:17 / 24.02.2025
5991
9 дақиқада ўқилади

Урушни қайта бошлаш ниятидаги Нетаняҳу, Олаф Шолцнинг мағлубияти ва БМТда Россияга ён босаётган АҚШ — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил асирлар алмашинувини тўхтатди

Исроил бош вазири офиси ҲАМАС билан асирлар алмашинуви вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Қарор кейинги исроиллик асирлар кафолатли равишда озод этилмагунча фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбормаслик учун қабул қилинган.

Бинямин Нетаняҳу Исроил Ғазода ҳарбий ҳаракатларни исталган вақтда қайта бошлашга тайёр эканини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСнинг асосий ҳарбий салоҳияти йўқ қилинган, аммо уруш мақсадларига тўлиқ эришилмагунча ҳаракатлар давом этади.

24 феврал куни олти нафар исроиллик асир озод қилинди, улар орасида 27 ёшли Элия Коэн, 22 ёшли Омер Шем Тов ва Омер 23 ёшли Венкерт бор. Улар Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширилди.

Исроил 19 январдан бери амал қилаётган сулҳ доирасида фаластинлик маҳбусларни озод қилишни вақтинча тўхтатгани ҲАМАС билан кескинликни оширди.

ҲАМАС вакиллари ҳам Исроилни ўз мажбуриятларини бажармаётганликда айблади. Ҳаракат вакили Абдуллатиф ал-Канунинг билдиришича, шанба кунига режалаштирилган фаластинлик маҳбусларни озод қилиш амалга ошмаган.

Шанба куни Исроил 600 га яқин маҳбусни ҲАМАС томонидан озод қилинган 6 та гаровга олинган шахсга алмаштириши керак эди. Бироқ Нетаняҳу гаровдагиларни топширишда ҲАМАС томонидан ўтказилаётган «таҳқирловчи маросимлар» туфайли жараён тўхтатилганини айтди.

Германиядаги сайловлар: Мерц ғалаба қозонди

Германияда парламент сайловлари якунланди ва улар амалдаги ҳукумат коалицияси учун оғир натижа берди. Экзитполларга кўра, Христиан-демократлар/христиан-социалистлар иттифоқи етакчиси Фридрих Мерц 29 фоиз овоз билан ғалаба қозонди ва энди у янги канцлер бўлиши кутилмоқда.

Иккинчи ўринни собиқ ГДР ҳудудида кучли қўлловга эга немис ултраўнг миллатчиларининг «Германия учун муқобил» партияси эгаллади, у 19–20 фоиз овоз билан ўз натижасини аввалги сайловга нисбатан икки бараварга оширди. Бироқ барча асосий партиялар у билан ҳамкорлик қилишни рад этгани учун Илон Маск қўллаган миллатчилар ҳукуматга кириш имкониятидан маҳрум.

Олаф Шолцнинг Социал-демократик партияси 16 фоиз билан тарихий мағлубиятга учради — бу партия учун 135 йилдаги энг ёмон натижа. «Яшиллар» (13 фоиз) ва Эркин демократик партия ҳам катта йўқотишларга учради.

Ҳозирги асосий савол — ҳукумат коалициясини ким шакллантиради? Христиан-демократлар иттифоқи ва социалистик партия коалицияси энг реал вариант сифатида кўрилаётган бўлса-да, ХДИ/ХСИ ва «яшиллар» блоки учун ҳам имкониятлар мавжуд.

Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шольц сайловда мағлубиятга учраганини тан олди ва Христиан-демократлар /христиан социалистлар иттифоқи етакчиси Фридрих Мерцни ғалабаси билан табриклади. У социал-демократлар учун бу сайлов натижаларини «жуда аччиқ» деб баҳолади.

Зеленский лавозимдан кетишга тайёр, аммо…

Украина президенти Володимир Зеленский агар келишувлар тинчлик олиб келса ёки мамлакатнинг НАТОга қўшилишини таъминласа, ўз лавозимини тарк этишга тайёр эканини билдирди.

Зеленский 24 феврал куни Киевда Европа етакчилари иштирокида саммит бўлиб ўтишини ва унинг тинчлик музокараларида бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини айтди.

Унга кўра, тинчлик музокараларида Украина, АҚШ, Россия ва Европа Иттифоқи қатнашиши керак. Президент Трамп билан Украина музокараларда кучли позицияга эга бўлиши масаласини муҳокама қилиш истагини билдириб, хавфсизлик кафолатлари иқтисодий келишувлар орқали таъминланиши мумкинлигини таъкидлади.

Зеленский Трампнинг АҚШ Украинага 500 млрд доллар қарз бергани тўғрисидаги даъвосини рад этди.

«500 млрд доллар масаласида, биз бу рақамни ўрганиб чиқмоқдамиз. Мен 100 млрдча қарзимиз борлигини биламан, лекин шу ҳам факт эмас. Мен 500 млрдни тан олмоқчимасман. Ким нима деса десин, қандай мулоқот қилмайлик, ҳамкорларимизга ҳурмат билдирган ҳолда мен сўзимда қатъийман, чунки бу ҳаққоний вазият. Бошқа вазият — 100 млрд долларни ҳам тасдиқлашга тайёрмасман. Негалигини тушунтираман: ёқадими-йўқми, биз грантларни қарз сифатида тан олишга мажбурмасмиз. Мен Байден ва АҚШ Конгресси билан келишганман, Конгрессга раҳмат айтаман. Бу грантларни ҳар икки партия қўллаб-қувватлаган. Грант — қарз эмас, уни қайтаришга мажбурмасмиз».

У, шунингдек, Трампнинг Украина ерости бойликлари бўйича келишувда ёрдам учун 100 фоизлик устама билан 500 млрд долларлик тўлов талаб қилаётганини тасдиқлади.

«Бу пулни украиналикларнинг ўн авлоди тўлашга мажбур бўлади. Мен бунга имзо қўя олмайман», — деди Зеленский.

Трамп: келишувга эришиш мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия ва Украина президентлари учрашиши кераклигини таъкидлаб, можарони тугатиш учун келишувга эришиш имконияти борлигини билдирди.

«Мен ўт очишни тўхтатиш ва келишув имзоланишини истайман. Менимча, бунинг учун имконият бор», — деди Трамп Оқ уйда.

У Вашингтон Россия билан музокараларни давом эттиришини ва можарони якунлашга қатъий бел боғлаганини таъкидлади.

Доналд Трамп Украина билан келишувни бир ҳафта ичида имзолашга ишонч билдирмоқда. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левиттнинг билдиришича, Трамп Россия-Украина урушини тугатувчи келишувни шу ҳафта ичида имзолашга ишончи комил эканини билдирган.

Левиттга кўра, президент ва унинг жамоаси музокараларни фаол давом эттирмоқда. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Мэтт Уолтц келаси дам олиш кунлари кун-у тун иш олиб боради. Шунингдек, молия вазири Скотт Бессент Украина билан фойдали қазилмалар бўйича келишув муҳокамасида иштирок этган.

У Украина билан нодир металлар бўйича келишув яқин эканини ҳам айтди. Трампга кўра, АҚШ Украинага 300 млрд доллар ажратган, Европа эса 100 млрд долларни кредит шаклида берган.

«Ёки биз келишувга эришамиз, ёки Украинада муаммолар бўлади. Шу сабабли биз маблағларимиз кафолатланиши учун келишув имзолаймиз», — деди Трамп.

Москвада 9 майдаги тадбирларга бориш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Трамп: «Йўқ, мен бормайман», — деб жавоб берди.

Кремль: музокаралар умидбахш

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасидаги мулоқотни «умидбахш» деб баҳолади.

«Бу икки ҳақиқатан ҳам кўзга кўринган президентлар ўртасидаги мулоқот. Уларнинг сиёсий иродасини амалга оширишга ҳеч нарса халақит бермаслиги муҳим», — деди Песков ВГТРК журналистига.

Унга кўра, Путин Украина бўйича музокараларга очиқлигича қолмоқда.

Песков Россия назоратидаги ҳудудлар масаласига ҳам тўхталиб, бу ерда яшовчи аҳоли аллақачон ўз танловини қилганини таъкидлади.

«Биз учун асосийси — бу ҳудудлардаги одамлар Россия билан бирга бўлишга қарор қилгани. Бу ерларни ҳеч ким «сотмайди», — деди у.

АҚШ БМТда Украина ва Европага қарши чиқмоқда

АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида Украина урушига оид ўз резолюциясини овозга қўймоқчи.

Бу Украина ва Европа томонидан тайёрланган резолюцияни Бош Ассамблея муҳокамасидан олиб ташлашга йўналтирилган дипломатик ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.

Вашингтон Европа билан узоқ вақт Украина лойиҳаси устида ишлаган, бироқ сўнгги кунларда Киевни ўз резолюциясини қайтариб олишга чақирган. Украина бу талабни рад этди.

Америка резолюциясида Россия Украинага босқин уюштиргани ҳақида очиқ баён қилинмаган, у шунчаки «жанговар ҳаракатлар»ни тугатишга чақирувдан иборат. Украина ва Европа эса Россияни аниқ «агрессор» сифатида кўрсатувчи резолюцияни илгари сурмоқчи.

Европа дипломатларига кўра, 110 давлат украин резолюциясини қўллаб-қувватлашга тайёр. АҚШ эса ўз лойиҳасини Хавфсизлик Кенгаши орқали ўтказиб, Бош ассамблея муҳокамасини бекор қилишни режалаштирмоқда.

БМТда овоз бериш қарори Хитойга боғлиқ, у феврал ойида Кенгашга раислик қилмоқда.

Канада Илон Маскни фуқароликдан маҳрум этмоқчи

Канадада АҚШ президенти Доналд Трампнинг маслаҳатчиси Илон Маскни фуқароликдан маҳрум қилиш талаби билан петиция ишга туширилди.

Ёзувчи Квалия Рид ташаббуси ва NDP депутати Чарли Ангус қўллови билан ўтказилаётган кампанияда 50 мингдан ортиқ имзо йиғилди.

Петицияда Маск «Канада миллий манфаатларига зид ҳаракатлар» қилаётгани айтилиб, бош вазир Жастин Трюдо унинг Канада фуқаролигини бекор қилишга чақирилган. Шунингдек, у «молиявий ва сиёсий таъсир орқали мамлакат сайловларига аралашишда» айбланмоқда.

Ҳужжат 20 июнь куни Қонунчилик палатасига тақдим этилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид